Эрдўғондан эркакча баёнот
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон дунёнинг йирик давлатларини Яқин Шарқ аҳолиси чекаётган азоб-уқубатлар, хусусан, бегуноҳ болаларнинг ўлимига бефарқликда айблади.
Сиёсий етакчи Истанбулда ўтказилган «Миллий ирода ифтори» тадбирида сўзлаган нутқида дунё аҳли экологик муаммолар ҳақида бонг уриши, лекин болалар қирғинига кўз юмишини кескин танқид остига олди.
«Болалар таҳлика остида яшар экан, дунёдаги денгизлар мовий бўладими-йўқми, нима фарқи бор? Қўлимизни юрагимизга қўйиб самимий жавоб берайлик. Эрта тонгда шўх-шодон ҳолда мактабга кетган болалар кечқурун уйига қайтмаса, дунёдаги денгизларнинг мовий ҳолда бўлиши қанчалик аҳамиятли? Олти яшар қиз 335 та ўқ билан отиб ўлдирилган бир пайтда дунёда денгизларнинг кўм-кўк бўлиши муҳимми? (2024 йилнинг январ ойида Исроил ҳарбийлари томонидан шафқатсизларча ўлдирилган Ҳинд Ражаб назарда тутилмоқда. Экспертиза хулосаларига кўра, қизалоқ ўтирган машинага юзлаб ўқ узилган — таҳр.) Ўйинчоқлар қонга беланса, орзулар рўёбга чиқмай сўнса, фариштамисол болалар юзидаги табассум кўз ёшига дўнса, бу дунёнинг барча денгизлари мовий бўлиши ёки бўлмаслиги аҳамиятга эгами?» — деди Туркия президенти.
Эрдўғонга кўра, Рамазон ойи тинчлик ва офият ойи бўлишига қарамай, Эрондан Яманга қадар, Фаластиндан Сомалига қадар ўлкаларга қирғинлар давом этмоқда.
«Шундай муқаддас кунларда ислом олами азоб-уқубат, кўз ёшлари, зиддият ва урушлар домида қолаётгани бизни чуқур қайғуга солади. 72 минг шаҳид берган Ғазо бўлгаси, сулҳ битимига қарамай, тинчликдан маҳрум қолмоқда. Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги ноинсоний сиёсати нималарга олиб келди! Сўнгги икки йилда Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда 1 120 дан зиёд фаластинлик тинч аҳоли вакили Исроил кучлари ёки террорчи кўчманчилар томонидан ўлдирилди. (2025 йил) 10 октябрдан буён (тинчлик битими тузилган сана назарда тутилмоқда — таҳр.) Ғазода 640 киши ўлдирилди. Уларнинг асосий қисми болалар, хотин-қизлар ва кексалардир», — деди Эрдўғон.
Маълумот ўрнида: Туркия президенти бир неча йил аввал БМТ минбарида туриб сувга ғарқ бўлган суриялик мурғак болакайнинг ўлимини дунё ҳамжамияти жуда тез унутганини ҳам танқид қилган эди.
Таҳлилларга қараганда, Яқин Шарқ минтақасида, хусусан, Фаластинда болалар ўлими кўпайган.
Буюк Британияда жойлашган Save the Children ташкилоти маълумотига кўра, сўнгги икки йил ичида Исроил ҳарбийлари томонидан Фаластиннинг ишғол остидаги ҳудуди — Ғарбий Соҳилда болаларни ўлдириш кўрсаткичи кескин ортди. Икки йил ичида ўлдирилган болалар сони 18 йил давомида ўлдирилганлар сонига тенгдир.
Минглаб бола ҳалок бўлган Ғазо секторида қонли уруш болаларнинг тушларига қадар бостириб кирган. ЮНИСЕФ хулосасида айтилишича, ғазолик юз минглаб болалар ўқиш, ўйнаш тугул тинч-осойишта ухлаш неъматидан ҳам маҳрум қолмоқда.
Айни кунларда Эроннинг Миноб туманидаги «Шажарайи Тоййиба» мактаби ўқувчиларининг фожиали тақдири фаол муҳокама қилинмоқда.
АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлаган 28 феврал куни мазкур мактабга ҳам бомба ташланган. Оқибатда 7-12 ёш оралиғидаги 180 га яқин ўқувчи қиз ҳалок бўлган, яна ўнлаб бола жароҳатланган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Тюрк ўқувчилар ҳалок бўлиши ҳолатини тезкорлик билан, холис ва ҳаққоний тарзда тафтиш этишни талаб қилди.
Ўрганишлар мактабга зарбани АҚШ ҳарбийлари амалга оширганини кўрсатмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter