Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда илмий даража олишдаги айрим тартиблар бекор қилинади

Ўзбекистонда илмий даража олишдаги айрим тартиблар бекор қилинади

Фото: LinkedIn

Президент Шавкат Мирзиёев «Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, илмий даражалар беришда 2027 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги тартиблар бекор қилинади:

  • чет тили фанидан малакавий имтиҳон топшириш, мустақил изланувчилар бундан мустасно;

  • Олий аттестация комиссияси томонидан диссертация мавзуларини рўйхатдан ўтказиш ва диссертация ҳимояси тўғрисида эълон бериш;

  • диссертацияни етакчи ташкилотда муҳокамадан ўтказиш;

  • ижтимоий-гуманитар фанлар соҳалари бўйича фан доктори (DSc) илмий даражаси учун тайёрланган диссертация натижалари юзасидан монография эълон қилиш;

  • диссертация авторефератини чоп этиш;

  • диссертация илмий натижаси амалиётга жорий этилганлиги тўғрисида хулоса олиш;

  • Олий аттестация комиссиясининг фан тармоқлари бўйича эксперт кенгаши томонидан диссертацияни илмий экспертизадан ўтказиш;

  • ҳимоя қилинган диссертация бўйича илмий кенгаш қарорини Олий аттестация комиссияси томонидан тасдиқлаш;

  • таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти учун жалб қилинган чет эллик фуқаронинг хорижда олган илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатларини нострификация қилиш.

Бунда илмий даража тўғрисидаги ҳужжат унинг Ўзбекистондаги фаолияти давомида тўғридан-тўғри тан олинади.

2027 йил 1 январга қадар Олий аттестация комиссияси томонидан диссертация ҳимояси тўғрисида эълон берилган ва диссертация ҳимоясини ўтказган изланувчиларга илмий даражалар мазкур Фармон кучга киргунга қадар амалда бўлган тартибга мувофиқ берилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг