Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар Erasmus Mundus стипендияси соҳиби бўлди

Ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар Erasmus Mundus стипендияси соҳиби бўлди

2026 йилда 9 нафар ўзбекистонлик иқтидорли талаба Европа Иттифоқи (ЕИ)нинг Erasmus Mundus қўшма магистрлик дастурига қабул қилинди. Шу тариқа улар Европанинг етакчи университетларида таҳсил олиб, халқаро академик тажриба орттириш имкониятига эга бўлмоқда.

Жорий йилги танлов натижаларига кўра, 4 нафар талаба Erasmus Mundus стипендияси соҳибига айланган бўлса, 5 нафар талаба self-funded тартибида ўқишни бошлайди. Улар Ўзбекистоннинг 9 та олий таълим муассасасини тамсил этмоқда.

Дастур ғолиблари Франция, Италия, Финляндия, Нидерландия, Ирландия, Полша, Сербия ва Буюк Британиядаги университетларда таҳсил олади.

«Ушбу натижалар Ўзбекистон ёшларининг халқаро таълимдаги фаоллиги ортиб бораётгани ва Erasmus Mundus дастурининг академик мобиллик ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдаги муҳим ўрнини яна бир бор намоён этади», — дейилади ЕИнинг юртимиздаги делегацияси хабарномасида.  

Маълумот ўрнида: Erasmus Mundus — иқтидор эгаларининг таълим, касбий ва шахсий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган ЕИ дастуридир. Қўшма магистрлик таҳсили доирасида ўқув дастури, саёҳат харажатлари, суғурта, визани қўллаб-қувватлаш, ойлик стипендия ва бошқаларни ўз ичига олган грант тақдим этилади.

Европа университетлари консорциуми томонидан ишлаб чиқилган ноёб магистрлик курслари доирасида талабалар билим олибгина қолмай, мезбон давлатлар билан танишиб, янги маданиятларни ҳам кашф этадилар.

Эслатиб ўтамиз, Европа парламентининг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Томаш Здеховский 2025 йил апрел ойида юртимизга ташрифи чоғи ЕИ томонидан ўзбекистонлик талабалар учун ажратилган грант кўрсаткичи босқичма-босқич ошириб борилишини айтганди.

Юртдошларимиз аввалги йилларда ҳам Erasmus Mundus қўшма магистрлик дастурида ижобий натижаларни қайд этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг