Халқаро интеграция ва глобал рақобат учун тил билишнинг аҳамияти
Ҳозирги замон – чегаралар деярли сезилмайдиган, маълумотлар бир лаҳзада бутун дунёга етиб борадиган ва кеча янгилик бўлган билимлар эса бугун эскига айланиб кетадиган тезкор давр ҳисобланади. Миллатнинг тараққиёти, давлатнинг халқаро саҳнадаги обрўси ва жамиятнинг интеллектуал салоҳияти эндиликда фақат ички ресурслар билан эмас, балки дунё жараёнларида фаол қатнашиш қобилияти билан баҳоланмоқда. Шу сабабли чет тиллари, айниқса инглиз тили, қўшимча кўникма бўлиб қолмай, XXI асрдаги энг муҳим “калит”, глобал имкониятлар эшигини очувчи стратегик воситага айланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда чет тилларини ўрганиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланаётгани бекорга эмас. Президент ташаббуслари туфайли мактабдан то олий таълимгача, давлат хизматидан то хусусий секторгача – бутун тизимда тил ўрганишнинг янги, замонавий экотизими яратилмоқда. Бу жараён нафақат таълим сифатини ўзгартираяпти, балки мамлакатнинг глобал дунёга интеграциясини ҳам тезлаштириб, ёшларга кенг имкониятлар эшигини очаяпти.
Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистонда тил ўрганиш ҳақиқий умуммиллий ҳаракатга айланди. Энг катта ўзгариш эса хорижий тилларга бўлган жамиятнинг талаб ва эҳтиёжи кескин ошиб бормоқда Бу эса келажакнинг ўзгаришларга очиқ, глобал фикрлайдиган авлодни шаклланаётганлигини кўрсатмоқда.
Сўнгги йилларда қабул қилинган қарорлар чет тилларини ўқитишни бутунлай янги тизимга айлантирди. Бугунги кунда Ўзбекистонда нафақат инглиз тили, балки бошқа хорижий тилларни ўрганиш кенг қўллаб-қувватланмоқда:
- хорижий тил бўйича А2 ва ундан юқори сертификати бўлган мактаб битирувчилари техникум, коллеж ва лицейларга ўқишга киришда чет тили фани бўйича тестдан озод қилинади ва максимал балл берилади.
- “Ёшлар дафтари”га киритилган хорижий тил ўрганмоқчи бўлган ёшларга 6 ойгача курсга қатнаши ҳар ойда БҲМнинг 4 бараваригача пул берилади.
- хорижий тиллар бўйича камида С1 сертификатини олган 30 ёшгача бўлган ёшларнинг тестга кириш учун тўлаган пуллари давлат ҳисобидан қайтариб берилади.
- хорижий тиллар бўйича B2 ёки ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентлар тестдан озод қилинади ва уларга максимал балл берилади.
- таълим муассасаларининг камида С1 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга хорижий тиллар ўқитувчиларига ҳар ойлик 50 фоиз қўшимча устама тўланади. Камида С1 сертификатини олган ўқитувчиларнинг тестга кириш учун тўлаган пуллари давлат ҳисобидан қайтариб берилади ва улар аттестациядан озод қилинади.
- миллий ва халқаро сертификатга эга давлат хизматчилари лавозим маошига 20 фоизгача қўшимча устама тўланади.
- оммавий ахборот воситаларида камида 1 йил асосий иши сифатида ишлаб келаётган журналистлар ва таҳририят ходимлари хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори натижани олса уларга икки турдаги имтиёз: хорижий тилни ўрганиш харажатлари учун БҲМнинг 15 бараваригача пул берилади ва имтиҳон топшириш учун тўланган пуллар тўлиқ қоплаб берилади.
- қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитишни ташкил этиш учун тадбиркорларга 50 млн сўмгача маҳаллий бюджетдан бир марталик субсидия берилади.
Бугунги кунга қадар халқаро имтиҳон тизимларидан юқори балл тўплаган ёшларга 80 млрд 42 млн сўм маблағ ажратиш орқали 42 779 нафар ёшларнинг имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилган. Албатта, бу каби яратилган имкониятлар ва берилган имтиёзлар ўз натижасини бермай қолмайди.
Хусусан, 2024-йилда биргина IELTS имтиҳонидан 5,5 ва ундан юқори балл олган ёшлар сони 2020-йилга нисбатан 5 бараварга, 7–8 балл (C1 даража)ни қўлга киритганлар 7,4 бараварга, 8,5–9 балл (C2 даража) га эришганлар эса 23,7 бараварга ошганлиги кузатилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганиш шунчаки таълим соҳасидаги ислоҳот эмас, балки жамият миқёсидаги катта ижтимоий ҳаракатга айланди. Тил ўрганишга бўлган талабнинг кескин ўсиши мамлакатнинг глобал майдонга чиқиш истаги ва янги авлоднинг дунё билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишга бўлган интилиши билан уйғунлашди.
Давлат томонидан жорий этилган кенг қамровли имтиёзлар тилни миллий ривожланишнинг стратегик драйвери сифатида кўрилаётганини намоён қилади.
Бу чоралар натижасида тил ўрганиш фақат шахсий ривожланиш эмас, балки иқтисодий фойда, таълимга йўл, касбий ўсиш ва глобал рақобатда ишончли пойдеворга айланди.
Дунё иқтисодиёти, айниқса рақамли иқтисод, аутсорсинг хизматлари, ИТ, илмий-тадқиқот, стартаплар, халқаро бизнес муносабатларида хорижий тилларни айниқса инглиз тилини билишни талаб қилмоқда.
Ўзбекистоннинг 2030-йилгача бўлган стратегик йўналишларида ташқи бозорларга чиқиш, инвестиция ва технология жалб этиш, халқаро кооперацияни кучайтириш каби вазифалар бор. Бу вазифаларни амалга ошириш учун:
- чет эл манбалари билан бевосита ишлайдиган мутахассислар,
- халқаро тадқиқотларда иштирок эта оладиган олимлар,
- дунё бозорига чиқишни мақсад қилган тадбиркорлар,
- глобал муомаладан қўрқмайдиган ёшларга эҳтиёж бор. Бунинг асосий шарти эса чет тилларини эгаллаш ҳисобланади.
Замонавий дунёда хорижий тиллар хорижий манбалар ва ахборотларга тўғридан-тўғри кириш имконини берадиган ва маълумотлар эшигини очадиган “калит” сифатида тарифланмоқда.
Илмий мақолаларнинг 80 фоизи инглиз тилида эълон қилинади. Инновация, фан ва техника соҳасидаги глобал билимлар асосан инглиз тилида тарқалади. Тошкентда ўтирган ва инглиз тилини ўзлаштирган бир талаба MIT, Harvard, Oxford, Seoul National University ёки Tokyo University’нинг очиқ дарсларидан бевосита фойдалана олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Тил билиш талаба ва олимни таржималарга боғлиқликдан халос қилади ва мустақил фикрлаш маданиятини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, мактабларнинг методик базасини янада кучайтириб бориш, халқаро имтиҳон марказларини кенгайтириш ҳамда фанлар бўйича инглиз тилида семинарлар, халқаро онлайн курслар билан интеграция қилинадиган дарсларни кўпайтириш ёшларнинг тил ўрганишга бўлган иштиёқини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистонда чет тилларини, айниқса инглиз тилини ўрганиш жараёни сўнгги йилларда миллий ривожланишнинг асосий стратегик йўналишларидан бирига айланди.
Статистик кўрсаткичлар ҳам бу сиёсатнинг натижасини равшан кўрсатмоқда: сўнгги 3–4 йил ичида IELTSда юқори балл олган ёшлар сони бир неча баробарга ортди, айниқса C1 ва C2 даражаси бўйича кўрсаткичлар кескин ўсди. Бу эса мамлакатда тил ўрганиш маданияти чуқурлашиб, янги авлоднинг глобал рақобатга тайёрлик даражаси ортиб бораётганини кўрсатади.
Ҳозирги даврда хорижий тиллар билим олиш, технология, фан ва инновацияларга олиб борувчи асосий кўприкка айланди. Илмий тадқиқотлар, стартап экотизими, рақамли хизматлар ва халқаро бизнес соҳаларида самарали фаолият кўрсатиш учун тил билиш шарт бўлиб қолмоқда. Шу шароитда Ўзбекистоннинг чет тилларини ўрганиш бўйича амалга ошираётган давлат сиёсати мамлакатнинг 2030-йилгача белгиланган стратегик мақсадлари билан уйғунликда ривожланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бу ислоҳотлар мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, глобал бозорда иштирокини кучайтириш ва инновацион иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Буранова Лобар,
Тошкент шаҳридаги 50-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter