«Бир миллион сунъий интеллект етакчиси» лойиҳасига старт берилди

Йиғилишда давлат раҳбари сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрлаш муаммоларига ҳам тўхталди.
«Сунъий интеллектни ривожлантириш фақат замонавий инфратузилма ва алгоритмларга эмас, балки малакали кадрларга ҳам боғлиқ. Бу соҳанинг асоси – математика ва информатика. Шу боис, кадрлар тайёрлашни, энг аввало, мактабдан бошлаш керак», – деди Президент.
Кейинги ўқув йилидан «Информатика» фани ўқув дастурларига сунъий интеллектга оид мавзулар киритилади. Бунинг учун Массачусетс технологиялар институти билан ҳамкорликда махсус дарслик ишлаб чиқилади.
«Янги Ўзбекистон» университетида сунъий интеллект бўйича бу йил 100 нафар, кейинги йил 1 минг 300 нафар тренер-ўқитувчи тайёрланади. Улар эса каскад тартибида мактаб ва олийгоҳлардаги информатика ўқитувчиларини ўқитади. Ҳар йили энг яхши 100 нафар информатика ўқитувчиси худди вазирлик ва ҳокимликларнинг салоҳиятли мутахассислари каби сунъий интеллект ривожланган давлатларга малака оширишга юборилади.
«Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳасининг мантиқий давоми сифатида «Бир миллион сунъий интеллект етакчиси» лойиҳаси ҳам бошланди. Бу йил 100 минг, келаси йил камида 500 минг ёшлар ўқитилади.
Лойиҳа билан мактаб ўқувчиларини ҳам қамраб олиш муҳимлиги таъкидланди. Бундан буён ҳар йили сунъий интеллект бўйича миллий танлов ўтказилиб, энг юқори натижа кўрсатган ёшлар, уларнинг устозлари ва таълим ташкилотлари муносиб рағбатлантирилади.
Бунда 500 нафар ёшлар – ноутбук, 100 нафар ўқитувчи – 1 минг доллардан мукофот, 2 та таълим ташкилоти – электромобил билан тақдирланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter