Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мақсадимиз – сунъий интеллект бўйича «ТОП-50»таликка кириш – Президент

Мақсадимиз – сунъий интеллект бўйича «ТОП-50»таликка кириш – Президент

Президент соҳа учун йилига 2 минг нафар мутахассис тайёрлаётган олийгоҳларнинг бирортасида сунъий интеллект лабораторияси йўқлигига эътибор қаратди.

Кейинги ўқув йилига қадар 10 та олий таълим муассасасини замонавий лаборатория билан жиҳозлаш режа қилинган. Шу билан бирга, банкларнинг биттадан олийгоҳда, жами 9 та шундай лаборатория ташкил қилиш ташаббуси маъқулланди.

«Янги Ўзбекистон» университетида «тармоқ – олийгоҳ – ҳамкор» тамойилида ишлайдиган «сунъий интеллект кластери» ишга туширилади. Кейинги ўқув йилидан «ТОП-300» таликка кирган университетлар билан ҳамкорликда сунъий интеллект бўйича қўшма таълим дастури йўлга қўйилади.

Олийгоҳларда сунъий интеллект, финтех, киберхавфсизлик, IT муҳандислик, аерокосмик ва булутли технологиялар каби йўналишлар учун давлат гранти квоталари 35 фоизга оширилади. Талабаларнинг сунъий интеллектга қизиқишини ошириш мақсадида олийгоҳ жамоалари ўртасида сунъий интеллект бўйича умуммиллий танлов ўтказилади.

Қулай экотизим яратилгани учун йил бошидан маҳаллий стартапларга рекорд миқдорда – 264 миллион доллар сармоя киритилди. Лекин бунда сунъий интеллект соҳасидаги стартаплар улуши ҳали камлиги айтилди.

Шу боис, бундай стартапларни кўпайтириш мақсадида мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган «Сунъий интеллект соҳасидаги энг яхши стартап» танловини ўтказиш таклиф қилинди.

«Биз 2030 йилга бориб, сунъий интеллект бўйича «ТОП-50»та давлат қаторига киришни мақсад қилганмиз.

Шу боис, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, «Сунъий интеллект альянси»ни ташкил қиламиз», – дея таъкидлади Президент.

Ушбу альянс таркибига соҳада самарали фаолият юритаётган етакчи компаниялар, хорижий экспертлар ва ватандошларимиз, йирик давлат корхоналари, банклар ва олийгоҳлар киритилади.

Альянснинг асосий вазифалари етакчи халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва акселераторлар билан ҳамкорликни кучайтириш, ўзимиздаги дастурлар бўйича медиа-контентни яратиб, халқаро PR кампанияларни ташкил этиш, маҳаллий корхоналар ва мутахассисларнинг халқаро кўргазма, форум ва конференсиялардаги иштирокини ташкил этишдан иборат бўлади.

Йиғилишда ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари ҳисобот берди, соҳадаги стартаплар асосчилари ва информатика ўқитувчиларининг фикрлари тингланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг