«Ташаббусли бюджет» ғолиблари эълон қилинди
«Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2026 йилги 1-мавсуми якунига етди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 21 март куни ғолиб лойиҳалар рўйхатини эълон қилди.
Ўзбекистон бўйича 1 996 та лойиҳа ғолиб бўлди. Уларни молиялаштиришга 3 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Кўкдала туманидан қўйилган лойиҳа энг кўп овоз йиғди — 13 386 та. Мўйноқ туманидан қўйилган лойиҳа эса атиги 58 та овоз билан ғолиб бўлди.
Маълумот берилишича, республика бўйлаб жами 10 млн 284 мингта овоз берилган ва 3 трлн 5 млрд сўмлик жами 1 996 та (1 980 та анъанавий ҳамда 16 та шериклик) лойиҳа ғолиб деб топилган. Жорий мавсумда бир лойиҳа учун энг юқори қиймат 1 млрд 648 млн сўмни (БҲМнинг 4 000 баравари) ташкил этди.
Ғолиб лойиҳаларнинг асосий йўналишлари:
- ички йўлларни таъмирлаш — 868 та
- мактабларни таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш — 566 та
- соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш — 163 та
Маълумот учун: бу йилги 1-мавсумга 1 февралда старт берилганди. Лойиҳаларни киритиш 1−20 феврал кунлари, уларни саралаш 21 февралдан 7 мартгача ҳамда тарғибот қилиш 8-10 март кунлари бўлиб ўтган. Овоз бериш босқичи 20 март оқшомида якунланди.
Ғолиб бўлган лойиҳалар билан шу ерда танишишингиз мумкин.


Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting
Kirish
Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring
FacebookTwitter