12 мингдан зиёд ширинлик хариди текин авиамиллар ва дунё бўйлаб саёҳат қилиш имконини берди
Америкалик Девид Филлипс қурилишда ишлайди, муҳандис. У Healthy Choice томонидан тақдим этилган акциядан фойдаланиб, самолётда учиш учун милларни ютиб олган. Қандай қилиб дейсизми?
Бу воқеа 1999 йил содир бўлган. Калифорниядаги супермаркетлардан бирига кирган харидор 12 минг донадан ортиқ шоколадли пудингни сотиб олмоқчи бўлди. Яъни бир стакан пудинг 2 доллар...
Сотувчилар ҳайрон бўлиб савол беришди:
– Сиз ростдан ҳам шунча пудингга муҳтожмисиз?
– Ҳа, омборда борини ҳам олиб кетаман.
– Эҳтимол, фақат бир неча дона оларсиз?
– Йўқ, ҳаммаси керак. Ҳатто шу ўртадаги дўконлардаги пудингларни ҳам сотиб оламан.
– Уларни нима қиласиз?
– Европага бепул учиш учун керак.
Сотувчилар харидорнинг гапларидан уни ақлдан озган деб ўйлашди, ҳатто хавфсизлик хизматидагиларни чақиришди, аммо эркакнинг ҳолатидан бирорта хавфни сезишмади. Сотувчилар охири пудингларнинг ҳаммасини сотишга қарор қилишди. Улар харидорнинг ушбу ширинликни нима қилишини тушунмадилар, балки бу одамнинг ўз хоббиси бор деб ўйлашди ёки пудинг ваннасида чўмилади, ким билсин?

фото:HuffPost.com
Нима учун Девид Филлипс ноодатий харидни амалга оширди ва пудингларга 3 000 доллардан кўпроқ сарфлашга қарор қилди?
Сабаб шундаки дўконга оддий ширинлик мухлиси эмас, балки текин саёҳат қилишни хоҳлайдиган саёҳат мухлиси ташриф буюрган эди.
Дэвид акцияни оддий реклама деб қўл силтаб қўймади ва математикани ишга солди. Муҳандис сифатида у Healthy Choice музлатилган маҳсулотлар акциясининг қоидаларини диққат билан ўқиди: ҳар 10та пудинг штрих-коди учун 1 000 авиамиль текинга берилган эди.
Аммо муаммо пайдо бўлди: 12 000 донадан ортиқ пудингдаги штрих-кодни қисқа вақтда йиғиш мумкин эмас эди, яъни у белгиланган вақтдан ютқазиши мумкин.
Шунда Дэвид бир ўқ билан икки қуённи урди: Salvation Army (хайрия ташкилоти) билан келишиб, уларга сотиб олган пудинглардаги этикеткаларни олиб беришни сўради, эвазига эса ширинлик хайрия учун бериладиган бўлди.
Бу ажойиб “бомба” ғоя эди! Натижада у нафақат штрих-кодларни, балки 800 долларлик солиқ имтиёзини ҳам олди. Дэвид купонларни йиғиб авиакомпания штаб-квартирасига хат юборди.
Менежерлар акция шартларини кўрганда ҳайрон қолишди, лекин шарт — шарт. Дэвид Филлипс 1 250 000 авиамилга эга бўлди — умрбод «Gold client» (Олтин мижоз) статуси ва исталган жойга саёҳат қилиш имконияти.
Шунча авиамилни у нима қилиши мумкин? АҚШ бўйлаб 50 та бориб-келиш рейсига, Австралияга 21 марта бориб-келишга ёки Европага 31 марта саёҳат қилишга етарли эди. Филлипснинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу милларнинг умумий қиймати тахминан 50 минг долларга тенг бўлган. Бу воқеа уни миллий ва халқаро миқёсда машҳур қилди. Газета, журнал, радио, телевидение, интернет “The Pudding Guy” (Пудингчи йигит) ҳақида ёзди.

Ҳатто Адам Сандлер “Punch-Drunk Love” фильми учун пудинг саҳнасини айнан шу воқеадан илҳомланиб яратган.
Ҳеч қанча ўтмай Филлипс яна бир ақлбовар қилмас келишувни амалга оширади — “Latin Pass”. У олти ой ичида 10 та Лотин Америкаси авиакомпанияси орқали 1 миллион мил тўплайди. Буни у атиги икки сафарда, 10 кун ичида бажаради.
“Latin Pass” нима эди?
Бу тажриба АҚШ оммавий ахборот воситаларида “mileage challenge” сифатида қайд этилган ва кейинчалик бундай акциялар ёпилишига сабаб бўлган.
Механизм шундай эди: Лотин Америкасидаги 10 та авиакомпания ўзаро мил ҳисоблаш бўйича келишувга эга бўлган, айрим рейсларда миллар реал масофадан анча кўп ҳисобланган, авиакомпаниялар ўзаро ҳисоб-китобда бу фарқни етарлича назорат қилмаган.
Филлипс шу тизимни пухта ўрганиб, қисқа вақт ичида кўплаб рейсларни бир-бирига улаб чиқади. Натижада у атиги икки сафари давомида, жами 10 кун ичида 1 миллион мил тўплайди. Авиакомпаниялар кейин тушуниб етади: “Биз нима қилиб қўйдик ўзи...”
Нега бу лойиҳа ёпилди? Чунки Филлипсга ўхшаган одамлар тизимни “ёриб” киришди, авиакомпаниялар милни пул деб ҳисобламай юборганини англаб етишди, Latin Pass тезда ёпилди ёки қаттиқ чекланди. Шундан кейин авиакомпаниялар акция шартларини майда ҳарфларда ёзишни, мил беришда ўта эҳтиёткор бўлишни бошлади. Девид Филипс эса уни икки сафардаёқ миллион милга айлантирган кам сонли одамлардан бири бўлди.
Умуман олганда, Филлипс “пудингчи йигит” бўлишидан олдин ва кейин 6 миллион милдан ортиқ масофани босиб ўтган. Аммо у ҳар доим миллардан фойдаланмайди. “Агар Сан-Диегога 75 долларга учиш мумкин бўлса, мил ишлатиш мантиқсиз”, дейди у.
Саёҳатда вояга етган фарзандлар
Филлипснинг қизлари — Кети ва Эмма пудинг тарихи илк бор оммага чиққанида 7 ва 5 ёшда эди. Пудинг воқеаси сабаб улар саёҳат сирларини яхши ўзлаштириб олишган. “Улар ҳақиқий профессионал”, дейди Филипс. 19 ёшли Кети бир йили Италияга ёлғиз ўзи учиб борган. 16 ёшли қизи эса АҚШнинг Шарқий соҳилига бир неча бор дўстларини кўришга борган — албатта, барчаси авиамиллар ҳисобидан. Энг ёдда қоларли саёҳатлардан бири рафиқаси Синди билан Маврикий оролига парвоз бўлган бўлса, “энг эсда қоларли йигитлар саёҳати” эса тўрт киши бўлиб Перуга борганимиз”, дейди у. Оилавий таътиллар ичида эса Юкатан ярим ороли алоҳида ўрин тутади. “Мен миллар ёрдамида Мексикага еттита бепул чипта олганман. Ҳозир бу анча қийин”, дейди Филлипс ўз интервюларида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter