Австралия БААни ҳимоя қилиш учун Форс кўрфазига ҳарбийларини жўнатади
Австралия ҳукумати Бирлашган Араб Амирликлари илтимосига биноан Форс кўрфази минтақасига ҳарбий кучлар юборишини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Энтони Албаниз баёнот берди.
Унинг айтишича, миссия доирасида минтақадаги хавфсизликни кучайтириш мақсадида разведка самолёти, «ҳаво–ҳаво» туридаги ракеталар ҳамда тахминан 85 нафар ҳарбий хизматчи юборилади.
Албанизнинг таъкидлашича, бу чоралар Эрон томонидан бўлиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳужумлардан Бирлашган Араб Амирликларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, миссия фақат мудофаа характерига эга.
Ҳукумат маълумотига кўра, операция тахминан тўрт ҳафта давом этиши режалаштирилган. Шунингдек, у Яқин Шарқда бўлиб турган Австралия фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш мақсадини ҳам кўзлайди.
Расмийлар бу қарор Австралиянинг урушга киришини англатмаслигини, балки иттифоқчи давлатни қўллаб-қувватлаш ва ҳаво мудофааси тизимини кучайтиришга қаратилганини таъкидламоқда.
Маълумотларга кўра, можаро бошланган пайтда Яқин Шарқ мамлакатларида тахминан 115 минг нафар Австралия фуқароси бўлган. Уларнинг қарийб 24 минг нафари Бирлашган Араб Амирликларида яшайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter