Бойлар тўлайди: Бразилияда ўрта синф даромад солиғидан тўлиқ озод этилади

Бразилия депутатлари президент Лула да Силванинг ўрта синфни даромад солиғидан озод қилиш бўйича муҳим ташаббусини маъқуллади, деб хабар берди BFMTV.
Бунга бойлар учун солиқни тўрт баравар ошириш ҳисобига эришилади.
Депутатлар маъқуллаган қонун лойиҳасига кўра, ойлик маоши 5 000 реал (тахминан 936 АҚШ доллари)дан ошмайдиганлар даромад солиғи тўлашдан бутунлай озод этилади. Шу пайтгача 3 000 реалгача маош олувчилар даромад солиғи тўламас эди.
Ҳукумат маълумотларига кўра, агар ташаббус мантиқий якунига етказилса, тахминан 16 млн бразилиялик 2026 йилда шу солиқдан қутулади.
Бюджет даромадларидаги йўқотишларни қоплаш учун ойига 50 минг реал (9 366 АҚШ доллари)дан зиёд даромад олувчилар учун солиқлар 4 ҳисса оширилади. Ҳозирда ушбу тоифадаги 140 минг киши ўртача 2,5 фоиз даромад солиғи тўламоқда. Улар учун солиқлар босқичма-босқич ошириб борилиб, 10 фоизга етказилади.
Президент Лула тарафдорларининг асосий дастагига айланган ушбу ташаббус биринчи марта ўтган йили илгари сурилганида молия бозорлари томонидан салбий қабул қилинди ва ҳатто миллий валюта — реалнинг тарихий қадрсизланишига олиб келди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter