Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ислом цивилизацияси маркази музейи “Туркий дунёдаги энг яхши музей” деб эътироф этилди

Ислом цивилизацияси маркази музейи “Туркий дунёдаги энг яхши музей” деб эътироф этилди

Жорий йилнинг 10 апрел куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида туркий дунё маданий ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи йирик адабий-маърифий тадбир — “Туркий дунё адабиёти” туркумидаги янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур тадбир туркий тилли халқлар ёзувчиларининг “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий конференцияси доирасида ташкил этилди.

Тақдимот Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилиб, у туркий халқлар ўртасидаги адабий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, муштарак маънавий меросни тарғиб этиш ва ижодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилди.

Таъкидлаш жоизки, яқинда Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Мереке баспалари” нашриёти томонидан нашр этилган “Туркий дунё адабиёти” туркуми доирасида қозоқ тилида туркий адабиётнинг таниқли намояндалари асарлари кенг китобхонлар оммасига тақдим этилди. Жумладан, Анарнинг “Қонақ уй болмеси”, Хайриддин Султоновнинг “Бақит жағалауы”, Султон Раевнинг “Топан”, Арслон Қойшиевнинг “Туқымқурт” асарлари ушбу туркумдан жой олган. Ушбу нашрлар азалдан тили, дили, маданияти ва қадриятлари муштарак бўлган туркий халқларни янада яқинлаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Тадбирда қатор нуфузли давлат ва жамоат арбоблари, таниқли ёзувчи ва шоирлар иштирок этдилар. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов, Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Мереке Қулькенов иштирок этиб, ўз маърузаларида туркий адабиётнинг бугунги тараққиёти, унинг жаҳон маданиятидаги ўрни ва истиқболлари ҳақида атрофлича фикр билдирдилар.

Тақдимот жараёнида янги китоблар намойиши муносабати билан рамзий тасма кесиш маросими ўтказилди. Шунингдек, китоб муаллифлари иштирокида ижодий мулоқот ташкил этилиб, улар ўз асарларининг мазмун-моҳияти, ғоявий йўналиши ҳамда туркий адабиёт ўртасидаги ўзаро таъсир ва ҳамкорлик масалалари ҳақида сўз юритдилар.

Тадбир доирасида адабиётшунос ва мутахассислар — Дидар Қулькенов, Муҳаммад Али, Аҳмаджон Мелибоев, Маматқул Ҳазратқулов кабилар ҳам маъруза қилиб, туркий адабиётнинг замонавий тенденциялари, унинг халқаро маданий майдондаги ўрни ва аҳамияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Эътиборли жиҳатлардан яна бири — халқаро анжуман доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг “Туркий дунёдаги энг яхши музей” деб эътироф этилганидир. Бу эътироф Марказнинг жаҳон илмий ва маданий ҳамжамиятидаги нуфузини янада мустаҳкамлаб, уни халқаро мулоқот ва ҳамкорликнинг муҳим платформаси сифатида намоён этди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур тадбир туркий дунё мамлакатлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, адабий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда умумий маънавий қадриятларни кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг