Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Етти опа-сингил тарихи ёки бахт келтирмаган узун сочлар

Етти опа-сингил тарихи ёки бахт келтирмаган узун сочлар

фото: kulturologia.ru

Опа-сингил Сазерлендлар оиласи ҳақида кам одам эшитган. Улар Чарли Чаплин ва Мери Пикфорд замондоши бўлиб миллионлаб одамларнинг қалбини забт этишган. Етти опа-сингилни нима шу қадар машҳур қилган?

Сара, Виктория, Изабелла, Грейс, Наоми, Мери ва Дора — етти опа-сингил 1851-1865 йиллар оралиғида Нью Йоркда туғилишган. Оилада биргина ўғил бўлиб, бош фарзанд эди. Камбағал деҳқон оиласидаги қизлар тарбияли ва ўқимишли бўлсагина турмушга бера олишини ота-она жуда яхши тушунарди. Шунинг учун барча қизлар нафақат саводли, балки чиройли қўшиқ айтишар ва чолғу асбобларини чалишни биларди. Уларнинг энг катта бойлиги эса умумий узунлиги 11 метрдан ошган сочлар эди. Катта опа Саранинг сочлари энг қисқаси бўлиб 90 см. ташкил қилар, қолган қизларнинг сочлари 1,2 дан 1,8 метргача бўлган, Викторияники эса деярли икки метр эди.

Она қизларига соч кесишни тақиқлаган. Ўша даврларда узун сочлар аёлнинг энг муҳим бойлиги ва обрўси ҳисобланарди. Опа-сингиллар бирин-кетин вояга ета бошлаганда уйда мусиқий кечалар ўтказила бошланди. Ахир етти қизни эгаларига топшириш учун шундан бошқа қандай яхши имконият бўлиши мумкин? Бироқ, меҳмонларга мусиқа умуман қизиқ бўлмай қолди, уларни опа-сингилларнинг узун сочлари ўзига тортарди. Қизлар шаршарадек сочларини гўёки кўз-кўзлаш учун турли ҳолатда туришарди, улар хоҳ тик туришсин, хоҳ ўтиришсин сочлари товланиб атрофдагиларнинг эътиборини тортарди.

  

Бу ҳодиса жамоатчиликка бошқача таъсир қилди. Чунки ўша даврларда, ҳеч бир аёл ҳеч қачон жамоат олдида бундай кўринишга журъат эта олмасди! Сочлари таралган ва ёйилган аёлни фақат турмуш ўртоғи кўриши мумкин бўлган. Етти опа-сингилнинг шон-шуҳрати атрофга тез тарқалди. Ўшанда опа-сингилларнинг энг кичиги 18 ёшда, каттаси эса 31 ёшда эди. 1882 йилда қизлар «Ердаги энг ғалати шоу» деб номланган цирк труппасига қўшилиш таклифини олдилар. Ўша даврда халқ орасида «ғалати одамлар шоулари» номи билан машҳур бўлган томошалар урфга айланганди. Шундай қилиб, соқолли аёллар, сиам эгизаклари, миттилар, сув парилари ва шунга ўхшаш бошқача одамлар орасида еттита гўзал аёл пайдо бўлди.

Уларнинг муваффақияти барча юлдузларникидан ошиб кетди. Матбуот уларни «Aмериканинг етти мўжизаси» деб номлади ва улар аёл ва гўзаллик тимсолига айланди. Опа-сингиллар ўзларининг чиқишлари билан бутун цирк труппасидан кўра кўпроқ пул ишлашди.

Уларнинг машҳурлиги ошгандан ошди, бироқ, Флорида, Aлабама, Янги Орлеан ва Aтланта бўйлаб ғалабали гастрол сафаридан сўнг, цирк томошаларига қизиқиш сезиларли даражада камайди. Мамлакат таназзулни бошдан кечирди ва кўпчиликнинг цирк ўйин-кулгиларига вақти йўқ эди. Aммо аёл ҳар доим аёл бўлиб қолади ва унинг орзуси — нозик қоматга, қордек оппоқ тишларга ва ажойиб сочларга эга бўлиш. Шундай қилиб, қизларнинг отаси Флетчер Сазерленд бойлик орттириш учун навбатдаги қадамни қўйди. У соч парвариши учун эликсир ишлаб чиқара бошлади ва уни патентлади. «Етти Сазерленд опа-сингиллар» гўёки мўъжизавий соч суртмасига айланди. Ушбу эликсирнинг бир шишаси 50 сентдан 1,50 долларгача турарди, бу 19-асрдаги ўрта синфнинг бир кунлик ёки ҳатто бир ҳафталик иш ҳақига тенг. Энди опа-сингиллар ғалати шоуларда чиқишлари шарт эмас эди. Улар ўзларининг дастхати туширилган фотосуратлар ва ўз суратлари акс этган откриткаларни сота бошладилар. Уларнинг мухлислари омад учун ҳатто бир ўрим соч сотиб олишга умид қилишарди.

    

Сазерлендларнинг соч парвариши учун тайёрланган маҳсулотлари шу қадар машҳур эдики, 1890 йилга келиб, даромад 3 миллион доллардан ошди.

Опа-сингиллар ёшлигини бойлик ортидан қувиб ўтказдилар. Аммо мода ҳар доим ўзгариб туради. Шунингдек узун сочларга бўлган ҳавас  ҳам вақт ўтиб сўнди, узун сочлар ўрнини қирқилган сочлар эгаллади ва мўъжизавий эликсирга талаб ҳам камайиб кетди.

Бу пайтга келиб опа-сингилларнинг шахсий ҳаёти ҳали ҳамон изга тушмаган эди. Оталари вафотидан кейин қизлар ўз пулларини мустақил бошқаришни бошладилар. Пул осонлик билан келди ва бармоқлар орасидан осонгина сирғалиб кетди. Улар 14 хонали уй қуришди, ҳар бир опа-сингилнинг ўз хонаси ва мармар ваннаси бор эди. Уйда оқар сув бўлиб бу ўша пайтларда Aмерикада жуда кам учрайдиган ҳолат эди. Ҳар бир аёлнинг ўз хизматкори бор эди. Уйда кўпинча меҳмонлар бўларди — кечки дастурхонга чақириларди , спектакллар қўйиларди, концертлар уюштириларди.

Тўғри улар орасида қизларга бефарқ бўлмаган эркаклар ҳам йўқ эмасди. Aммо жиддий муносабатлар ҳеч қачон амалга ошмади. Фақат 1885 йилга келиб, бешинчи қиз Наоми  27 ёшда опа-сингиллар орасида биринчи бўлиб турмушга чиқди. 13 йиллик турмушдан сўнг Наоми 40 ёшга тўлмасдан вафот этди. Энг ҳайратланарли воқеа учинчи қиз Изабелла билан содир бўлди. Фредерик  исмли йигит кенжатой Дора билан учрашиб юрди ва кейин ўзидан 13 ёш катта бўлган Изабеллага уйланиб, ҳаммани ҳайратда қолдирди! Лекин кўп ўтмай  куёв ўз жонига қасд қилди ва опа-сингиллар уни шиша тобутга жойлаштирдилар, полиция аралашиб, йигитнинг жасади қабрга қўйилгунга қадар у мусиқа хонасида омма олдида намойиш этилган. Миш-мишларга кўра, Изабелла икки йил ўтгач, ўзидан 16 ёш кичик бўлган бошқа бир саргузаштга ўч Aлонсо Свенга турмушга чиққунга қадар ҳар кеча унинг дафн этилган жойига ташриф буюрган.

Эллик ёшли Виктория эса ўн тўққиз ёшли йигит билан топишиб олди, бу ҳолат опа-сингилларни бутунлай бегоналаштирди. Виктория  уйдан ҳайдаб чиқарилди. Сазерлендлар оиласидан фақат битта қиз нафақат турмуш қуришга, балки она бўлишга ҳам муваффақ бўлди. Хуллас 1920 йилларга келиб, тўртта опа-сингил — Наоми, Виктория, Изабелла ва Сара вафот этди. 1926 йилда омон қолган учта опа-сингил — Грейс, Дора ва Мери ўзларининг ҳикояларини сотиш умидида Голливудга йўл олишди. Уларнинг саёҳати муваффақиятсиз тугади ва Дора автоҳалокатда вафот этди. Мери вақти-вақти билан руҳий касалликдан азоб чекарди ва кўпинча ўз хонасида чиқмасди. Кейинчалик у руҳий касалхонага жойлаштирилди ва 1939 йилда вафот этди. Орадан етти йил ўтгач Грейс ҳам омонатини топширди. Уларнинг сўнги бойлиги — ҳашаматли, минорали уй эса 1938 йилда ёниб кетди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг