Ғарбий Соҳилда хавотирли вазият
Фаластиннинг ишғол остидаги ҳудуди – Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилида зўравонлик ҳаракатлари кучаймоқда, деб хабар берди “Al Jazeera” телеканали.
Исроилнинг келгинди аҳолиси Байт-Лаҳм ҳамда Хеврон ҳудудидаги қишлоқларда фаластинликлар тегишли уй ва автомобилларга ўт қўйган.
Аввалроқ Хеврон жануби-шарқида жойлашган Саир шаҳридаги тинч аҳоли вакилларига қарашли мол-мулк ҳам ёқиб юборилган эди. Келгинди аҳоли фаластинликларни калтаклаган. Исроил кучлари эса зўравон фуқароларга чора кўриш ўрнига тез ёрдам ва ўт ўчириш машиналари йўлига тўғаноқ бўлгани хабар қилинган.
Ўтган ҳафта эса келгиндилар Ғарбий Соҳилдаги масжидлардан бирига ўт қўйган эди.
“Al Jazeera”га кўра, бу йил Ғарбий Соҳилда зўравонлик ҳаддан зиёд кучайиб кетган. Фаластин маъмурияти биргина жорий йил октябрь ойида Исроил кучлари ва яҳудий аҳоли вакиллари Ғарбий Соҳилда 2350 та ҳужум уюштирганини маълум қилган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу яҳудий аҳоли вакилларининг фаластинликларга зўравонлигини қоралаган. Аммо таҳлилчилар фикрича, айнан унинг маъмурияти Фаластин ерларида яҳудий манзилгоҳлари қурилишини кенгайтирмоқда.
Жорий йил июль ойида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идораси Ғарбий Соҳилда яҳудий аҳоли вакилларининг фаластинликларга нисбатан зўравонлик ҳаракати Исроил хавфсизлик кучларининг розилиги, кўмаги ва баъзида бевосита иштирокида амалга оширилаётганини билдирган эди.
Буюк Британияда жойлашган “Save the Children” ташкилоти таҳлилларига кўра, сўнгги икки йил ичида Исроил ҳарбийлари томонидан Ғарбий Соҳилда
болаларни ўлдириш кўрсаткичи кескин ортган. Икки йилда ўлдирилган болалар сони 18 йил давомида ўлдирилганлар сонига тенгдир.
Ғарб давлатлари Исроилдан ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда фаластинликларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилиб келмоқда.
Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади. Ҳозирга қадар мазкур ҳудудда 160 та манзилгоҳ қурилган ва 700 минг нафар яҳудий аҳолиси жойлаштирилган. Тель-Авив ҳукумати халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, Ғарбий Соҳилда ноқонуний манзилгоҳларни кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Маълумот ўрнида: Исроил парламенти жорий йил июль ойида Ғарбий Соҳил “яҳудий халқи тарихий ватанининг ажралмас қисми” экани иддао қилган ҳолда, ҳудудни қўшиб олиш ҳақида ҳужжат қабул қилган эди. Бу ҳаракат халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.
БМТ кўп йиллардан буён Тель-Авивнинг оккупация сиёсатини қоралаб келади. Хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2016 йил 23 декабрь куни қабул қилинган резолюциясида Исроилдан ишғол остидаги Фаластин ерларида ғайриқонуний тураржойлар қуришни буткул тўхтатиш талаб қилинган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter