Илҳом Алиев Озарбайжонни “жонли кўприк” деб атади
Марказий Осиёни жуғрофий жиҳатдан Ғарб билан боғлашда Озарбайжон муҳим ўрин тутади. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев маҳаллий телеканалларга берган интервьюсида гапирган.
Аввал хабар берганимиздек, 2025 йил 15-16 ноябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу машваратда Озарбайжон Республикаси Маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинди.
Илҳом Алиев ушбу ҳодисани мамлакат ташқи сиёсатида 2025 йилда эришилган муҳим ютуқлардан бири сифатида санаган.
“Албатта, жуғрофий нуқтаи назардан биз Марказий Осиёда эмас, балки Жанубий Кавказда жойлашганмиз. Лекин Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама форматларда яқин алоқаларга эгамиз. Сўнгги йилларда ҳамкорликда шу қадар кўп лойиҳалар амалга оширилмоқдаки, бу давлатлар бизни бир овоздан тўла ҳуқуқли аъзо деб танлади... Марказий Осиё–Озарбайжон иттифоқи ва С5 форматининг С6 га айланиши нафақат минтақамиз, балки бутун дунё учун муҳим ҳисобланади. Чунки бугун кўплаб етакчи халқаро ўйинчилар учун робита, транспорт ва логистика муҳим аҳамият касб этади. Бу ўринда Марказий Осиёни жуғрофий жиҳатдан Ғарб билан боғловчи ягона ишончли мамлакат Озарбайжон эканини таъкидлаш лозим”, – деган Илҳом Алиев.
Озарбайжон раҳбарига кўра, географик нуқтаи назардан бошқа маршрутлар мавжудлигига қарамай, ҳозирги геосиёсий шарт-шароитда Ғарб учун муқобил йўналишлар мақбул эмас. Бундай вазиятда айнан Озарбайжон минтақалар ўртасида жонли кўприк ва ишончли ҳамкор бўла олади, деб ҳисоблайди сиёсатчи.
Маълумот ўрнида: Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ҳам 2025 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида расмий Боку ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига алоҳида ўрин берилганини таъкидлаган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter