Италия фемицидни алоҳида жиноят сифатида тан олиши мумкин
Италия парламенти мамлакат Жиноят кодексига фемицид – аёлларга нисбатан жинсий адоват ёки зўравонлик асосида амалга оширилган қотиллик – ҳақида алоҳида модда киритишни бир овоздан маъқуллади. Бу ҳақда BBC News хабар берди.
Қонун 25 ноябрда – Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш халқаро кунида қабул қилинди.
Янги қонунга мувофиқ, фемицид содир этган шахс умрбод озодликдан маҳрум этилади. Аёлни унга нисбатан нафрати сабаб ўлдириш ҳар доим фемицид сифатида қайд этилади. Шунингдек, фемицид алоҳида турдаги жиноят сифатида статистика ва таҳлилларда ажратиб борилади.
«Фемицид энди реал ҳуқуқий таърифга эга бўлади. Аёлларни «ҳаддан ташқари муҳаббат» ёки «ўта рашк» сабаб ўлдирилган, деб тасвирлаш — маданий жиҳатдан қабул қилинадиган, аммо асл мотивни яширадиган тушунчадир. Бу жиноятларда асосий омил — ҳокимият ва қурбонни бўйсундириш истаги», – дейди Қонун муаллифларидан бири, судья Паола Ди Никола.
Италияда охирги йилларда аёлларга қарши зўравонлик ва қатл ҳолатлари катта ижтимоий муҳокамага айланган. Айниқса, 2023 йилда 22 ёшли студент қиз Жулия Чеккеттиннинг ўлдирилиши мамлакат бўйлаб оммавий намойишларга сабаб бўлган.
Италия полицияси маълумотларига кўра, 2024 йилда 116 аёл ўлдирилган, уларнинг 106 таси нафрат асосида содир этилган.
Италия ушбу қонунни қабул қилган – Кипр, Мальта ва Хорватиядан кейин фемицидни Жиноят кодексида алоҳида таъриф билан киритган Евроиттифоқнинг тўртинчи давлатига айланди.
Манба: bbc.com


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter