Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ЖССТ хавотирда: Марказий Осиёда эмлаш кўрсаткичи пасайган

ЖССТ хавотирда: Марказий Осиёда эмлаш кўрсаткичи пасайган

Фото: Canva

Ўтган йили Европа ҳамда Марказий Осиёда полиомиелитга қарши эмлаш кўрсаткичи пасайди. Бунинг оқибатида қарийб 450 минг чақалоқ ушбу хасталикка чалиниш хавфи остида қолди. Бу ҳақда “Euronews” телеканали Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) таяниб хабар берди.

Европанинг касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (ECDC) полиомиелит тарқалиб кетмаслиги учун аҳолининг камида 90 фоизи унга қарши эмланган бўлиши лозим, дея тавсия қилади. 53 мамлакатни қамраб олган Европа ва Марказий минтақасида ҳозирда эмлаш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда. Аммо бу рақам хотиржам бўлишга асос бўла олмайди. Чунки 93 фоиз 2017 йилдан кейинги энг қуйи кўрсаткич ҳисобланади.

ECDC таҳлилларига қараганда, 2022-2023 йилларда бир-икки ёш оралиғидаги 600 минг бола полиомиелитга қарши тўлиқ эмланмаган.

Европа 2002 йилда полиомиелитдан холи ҳудуд деб эълон қилинганидан буён вируснинг мунтазам тарқалиши кузатилмади. Аммо таҳлилчилар Европани полиомиелитдан буткул холи ҳудуд мақомида сақлаб қолиш қийинчилик билан кечаётганини айтади.

Ўтган йилнинг кузида Европанинг олти мамлакати оқова сувларида полиовирус аниқланган. Жорий йил сентябрда эса Германияда ҳам мазкур вирус қайд этилган.

Ушбу давлатларда эмланиш кўрсаткичи баланд, демакки, полиомиелитга чалиниш хатари кам. Аммо соғлиқни сақлаш бўйича мутахассислар эмланмаган аҳоли орасида хасталик тарқалиши хавфи катта эканидан огоҳлантиради.

Айни пайтда полиовирус Афғонистон, Покистон каби давлатларда сақланиб қолаётганини урғулаган ЖССТ вакиллари вирус аниқланганда тезкор чора кўриш ва вакцинацияга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини уқтирмоқда.

Полиомелит юқори инфекцияли касаллик бўлиб, вируслар туфайли юзага келади. Касаллик асаб тизимини шикастлаб, бир неча соат ичида умумий фалажликка олиб келиши мумкин. Полиомиелит билан асосан 5 ёшгача бўлган болалар хасталаниши айтилади. Вакцина болани умри давомида вирусдан ҳимоя қилиши мумкин.

Бир пайтлар полиомелит дунё бўйлаб ҳар йили 350 минг болани фалаж қилган бўлса, оммавий эмлаш кампанияси орқали у жиловланган.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакили мамлакатимизда полиомиелитга қарши аралаш иммунизация, яъни томчи орқали ҳамда инъекцион усулда амалга оширилишини маълум қилганди. Вакцина беш марта: болаларнинг 2, 3, 4, 16 ойлигида ва етти ёшида қўлланади. Болалар 4 ойлигида ҳам томчи орқали, ҳам инъекцион тарзда эмланади. Полиомиелитга қарши аҳоли вакиллари 5 марта эмланиши ҳамда вакцинацияда аралаш усулдан фойдаланишилиши хавфсизликни янада оширади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2021 йили юртимизда 4-5 ёшдаги 1,2 миллион нафар бола полиомиелитга қарши эмланишини билдирганди. Вазирликка кўра, мазкур касаллик Ўзбекистонда охирги марта 1995 йилда қайд этилган.



Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг