Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Луврдаги йирик ўғриликдан кейин қимматбаҳо экспонатлар Франция банки омборига кўчирилди

Луврдаги йирик ўғриликдан кейин қимматбаҳо экспонатлар Франция банки омборига кўчирилди

Фото: BILD_Russian

Парижда содир бўлган шов-шувли ўғриликдан сўнг, Лувр музейи раҳбарияти қолган ноёб асарлар ва заргарлик буюмларини хавфсиз жойга — Франция банкининг ер остидаги омборларига кўчиришга қарор қилди.

Аввалроқ жиноятчилар бир неча дақиқа ичида тахминан 88 миллион евролик қимматбаҳо буюмларни ўғрилаб кетишган эди. RTL ва BFMTV маълумотларига кўра, Аполлон галереясига тегишли бўлган айрим тож тақинчоқлар полиция кузатуви остида 26 метр чуқурликда жойлашган банк омборларига жойлаштирилган. Бу ерда мамлакатнинг олтин захираларининг қарийб 90 фоизи ҳам сақланади.

Манбалар таъкидлашича, музей коллекциясини бундай тарзда кўчириш — мисли кўрилмаган ҳолат. Айни омборхонада Леонардо да Винчининг қиймати 600 миллион евродан ортиқ бўлган машҳур дафтарлари ҳам мавжуд. Аммо музей томонидан қайси экспонатлар кўчирилгани ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Шов-шувли ўғрилик 20 октябрь куни эрталаб содир бўлган. Libérationнинг ёзишича, қуролланган ва ниқобланган тўрт нафар шахс видеокузатув камералари қамраб олмаган «ўлик зона» орқали музейга кирган. Улар кўтаргич, ойна кесгич ва бензин арралар ёрдамида витриналарни бузиб, буюмларни олиб, мотороллерларда қочиб кетишган.

Музей хавфсизлик тизими бўйича жиддий саволлар пайдо бўлди: 1,3 километрлик периметрда бор-йўғи бешта камера фаолият юритган, уларнинг баъзилари ишламагани аниқланган. Француз полицияси ҳозирда жиноятчиларни қидирмоқда ва суриштирувга Исроилдан экспертлар ҳам жалб этилган. Шу билан бирга, Лувр ходимларидан бири бу ишга алоқадор бўлиши эҳтимоли текширилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг