Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мексикада Z авлод бош кўтарди: сўнгги хабарлар

Мексикада Z авлод бош кўтарди: сўнгги хабарлар

Мексика пойтахти Мехико шаҳрида ҳукумат хавфсизлик сиёсатига қарши норозилик намойиши пайтида юзага келган тартибсизликлар натижасида 120 киши жароҳат олди. Улардан 100 нафари полиция ходимларидир.

Намойиш ўзини "Z авлоди" деб атаган гуруҳ томонидан ташкил этилган. 

Мексика оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, минглаб иштирокчилар Мустақиллик монументи олдида тўпланиб, Миллий сарой томон юриш қилишган. 

Полиция сарой олдидаги тўсиқларга тош отган ва болға билан урган бир гуруҳ намойишчиларга қарши кўз ёшартувчи газ ва сувдан фойдаланган. 

Намойишчилар орасида ҳибсга олишлар ҳақида хабар берилган. Талабалар, фермерлар, мухолифат партияси вакиллари ва фуқаролик жамияти фаоллари норозилик намойишида иштирок этиб, мамлакатда узоқ вақтдан бери юқори даражадаги зўравонлик ва жиноятчиликни танқид қилишди. 

Намойишчилар шунингдек, 2025 йил 1 ноябрда "Чироқлар фестивали" пайтида отиб ўлдирилган Мичоаcан штатидаги Урупан мери Карлос Мансонинг ўлимини ҳам қораладилар. Юриш иштирокчилари ҳукумат ўзгаришига қарамай, хавфсизлик муаммоси ҳал қилинмаганини таъкидладилар ва зўравонлик қурбонларини "унутмасликка" чақирдилар. 

Президент Клаудия Шейнбаум Z авлоди норозилик намойишлари ортида мухолифат турганини таъкидлади ва ҳаракатни сиёсийлаштирилган деб таърифлади. 

Шейнбаум расмийлар зўравонликка қарши курашда ютуқларга эришганини ва норозилик намойишлари вазиятни манипуляция қилишга уриниш эканлигини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Z авлод намойишлари Непал, Мадагаскар каби давлатларда ҳукумат ағдарилишига олиб келди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг