Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қирғизистонда ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари иш ҳақлари икки баробарга ошириляпти

Қирғизистонда ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари иш ҳақлари икки баробарга ошириляпти

2026 йил 1 апрелдан бошлаб Қирғизистонда педагог ва тиббиёт ходимларининг иш ҳақи 100 фоизга оширилади. Бу ҳақда бугун Халқ қурултойида давлат раҳбари Садир Жапаров маълум қилди.

«Ўқитувчи миллат келажагини шакллантиради, шифокор эса инсон соғлиги ва ҳаётини асрайди. Аммо бугун биз уларга нисбатан қўпол муносабат, ҳурматсизлик, баъзан эса зўравонлик ҳолатларига дуч келяпмиз. Бу — маданиятсизликнинг энг юқори даражаси. Биз ушбу икки муқаддас касб эгасига муносиб нуфуз ва жамиятдаги юксак мақомини қайтаришимиз шарт. Давлат идоралари, фуқаролик жамияти, ҳар бир оила — барчамиз ўқитувчи ва шифокор нуфузини мустаҳкамлашга мажбурмиз. Болаларимизни ўқитаётган ва бизни даволаётган инсонларга етарли ҳурмат бўлмас экан, биз ҳақиқий маънода маданиятли ва ривожланган мамлакатга айлана олмаймиз», – дейди мамлакат президенти.

Шу муносабат билан у 2026 йил 1 апрелдан педагогик ва тиббий ходимларнинг иш ҳақи оширилишини таъкидлади.

«Кеча Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қасималиев иш ҳақи камида 50 фоизга оширилишини айтган эди. Бироқ муҳокамалар ва ҳукуматнинг молиявий имкониятларини қайта баҳолаш натижасида ўртача иш ҳақини 100 фоизга ошириш тўғрисида қарор қабул қилдик», – деди Садир Жапаров.

Унинг айтишича, ҳозирда педагогларнинг ўртача ойлик маоши 26 минг сомни ташкил этади. 2026 йил 1 апрелдан кейин бу кўрсаткич тахминан 52 минг сомга (тахминан 7,2 млн Ўзбек сўми) етади. Ўқитувчиларнинг иш ҳақи таълим даражаси, педагогик стажи, малака тоифаси, ҳудудий жойлашуви, ўқитадиган фан ва ҳафталик дарс юкламасига қараб белгиланади.

Садир Жапаровнинг айтишича, ҳозирда шифокорларнинг ўртача ойлик маоши 31 минг 500 сом бўлиб, 1 апрелдан у 62 минг 500 сомга (тахминан 8,6 млн Ўзбек сўми) етади. Қўлга олинадиган соф даромад тахминан 50 минг сомни ташкил этади.

Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан маданият ходимлари, мураббийлар ҳамда техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг иш ҳақларии ҳам ўртача оширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг