«Сен ақлдан озгансан» – Трамп Нетаняхуни Ливан борасида кескин танқид қилган
АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилнинг Ливандаги ҳаракатлари ортидан бош вазир Бинямин Нетаняху билан бўлиб ўтган телефон мулоқоти бироз кескин ўтди. Бу ҳақда Axios манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Трамп суҳбат давомида Нетаньяхунинг Ливандаги эскалациясидан қаттиқ норози бўлган ва уни «ақлдан озган» деб атаган.
Axios’нинг ёзишича, Трамп Исроилнинг Байрутга зарба бериш режасига ҳам қарши чиққан. Унинг фикрича, бундай ҳаракатлар Исроилни халқаро майдонда янада яккалаб қўяди.
Манбалардан бирига кўра, Трамп Нетаняхуга: «Сени мен қутқаряпман. Ҳамма сени ёмон кўряпти. Бу ишлар туфайли Исроилни ҳам ёмон кўришяпти», – деган.
Яна бир манба Трамп суҳбат вақтида: «Нима қилиб юрибсан ўзи?» дея бақирганини айтган.
Axios маълумотига кўра, Трамп Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олган, аммо охирги кунларда Тел-Авив ҳаракатлари номутаносиб тус олган деб ҳисобламоқда.
Хусусан, Оқ уй Исроилнинг жанубий Ливандаги қуруқлик операцияларини кенгайтириши ва кўплаб тинч аҳоли ҳалок бўлаётганидан хавотир билдирган.
Шунингдек, манбалар Трампнинг асосий хавотири Эрон билан музокаралар издан чиқиши бўлганини айтмоқда. Аввалроқ Теҳрон ҳам Ливандаги вазият сабаб АҚШ билан музокараларни тўхтатиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.
Шундан сўнг Трамп Truth Social’даги саҳифасида Эрон билан музокаралар «жуда тез суръатларда» давом этаётганини ёзган.
Нетаняху эса мулоқотдан кейинги баёнотида, агар «Ҳизбуллоҳ» Исроилга ҳужумларни тўхтатмаса, Байрутдаги нишонларга зарба берилишини айтган. У Исроил жанубий Ливандаги операцияларни давом эттиришини ҳам таъкидлаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter