Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хитой ТИВ: «Япония қизил чизиқни кесиб ўтди»

Хитой ТИВ: «Япония қизил чизиқни кесиб ўтди»

Япониянинг янги Бош вазири Санаэ Такаити аввалги бош вазирлардан фарқли ўлароқ, Хитойнинг Тайванга босими борасида анча кескин баёнот берди. У Хитой Тайванни қуршовга олиши ёки унга нисбатан куч ишлатиши Япониянинг ҳарбий жавобига сабаб бўлиши мумкинлигини айтган.

Матбуот уни сўзларини аниқлаштиришга чақирганида, Такаити ўз баёнотидан чекинмаган, аммо «келгусида аниқ ҳарбий сценарийларни тасвирлашдан тийилиши»ни қўшимча қилган.

Хитой томони эса Япониянинг эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлари ҳақидаги баёнотини кескин танқид қилди. Пекин уни «халқаро ҳуқуқни қўпол бузиш» деб баҳолаб, ҳар қандай тажовузга ҳарбий жавоб қайтаришини таъкидлади.

«Ҳозирги япон раҳбарлари Тайвань масаласига ҳарбий аралашув ҳақида нотўғри сигнал берди. Бу – куракда турмайдиган ва мутлақо асоссиз баёнот. Улар айтмаслиги керак бўлган гапни айтиб, тегмаслиги керак бўлган қизил чизиқни кесиб ўтди», – дейди Хитой ташқи ишлар вазири Ван И.

Ван Ига кўра, Пекин Япониянинг бу каби ҳаракатларига «қатъий қарши чоралар» кўриши зарур. У яна барча давлатларни «япон милитаризмининг қайта тикланишига йўл қўймасликка» чақирди.

Жума куни Хитой БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга мурожаат юбориб, Японияни «халқаро ҳуқуқ ва дипломатик меъёрларни бузганликда» айблади.

«Агар Япония Тайвань масаласи бўйича ҳарбий аралашувга журъат қилса, бу – агрессия акти ҳисобланади. Хитой БМТ Уставига биноан ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланади ва суверенитетини қатъий ҳимоя қилади», – дейди Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Фу Конг.

Маълумот учун, Хитой Тайванни ўз ҳудуди деб билади ва зарурат туғилса, уни куч ишлатиб ҳам бирлаштириш ҳуқуқи борлигини таъкидлаб келади. Пекин хорижий давлатларнинг – айниқса АҚШ, Япония ва Филиппиннинг Тайвань масаласига аралашувини кескин рад этади.

АҚШ Тайваннинг асосий қурол-аслаҳа етказиб берувчиси ҳисобланади, Япония эса АҚШнинг Осиёдаги асосий ҳарбий ҳамкорларидан бири.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг