ADM Global Kia, Chery, Great Wall Motor ва Changan брендлари билан автомобиль саноати муҳандислик элитасини тайёрлаш — «Муҳандислик форсажини» ишга туширмоқда
ADM Global "Муҳандислик форсаж" кенг миқёсли ўқув дастури бошланганини эълон қилди. Ташаббус жаҳон автомобиль ишлаб чиқарувчи йирик компаниялари — Kia Corporation, Chery Automobile, Great Wall Motor (GWM) ва Changan Automobile Group билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда ва Ўзбекистонда юқори малакали муҳандис-техник мутахассислар захирасини яратишга қаратилган.

Стратегик мақсад — 2030 йилгача 500 нафардан ортиқ муҳандислар
Дастур 5 йилга (2030 йилгача) мўлжалланган. Лойиҳанинг асосий мақсади миллий автомобиль саноати ривожланишининг драйверига айланадиган 500 нафарга яқин маҳаллий юқори малакали муҳандисларни тайёрлаш ва малакасини оширишдан иборат. Машғулотлар Хитой ва Жанубий Кореянинг етакчи техника университетлари базасида, шунингдек, автомобиль ишлаб чиқарувчи ҳамкорларнинг илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик (R&D) ҳамда дизайн марказларида ўтказилади.

Лойиҳа иккита асосий йўналишга бўлинган:
1-йўналиш. Амалдаги мутахассисларнинг малакасини ошириш
ADM Global компаниялар гуруҳи муҳандислари ва технологлари Корея ва Хитойда жойлашган Kia, Chery, GWM ва Changan Global R&D ва дизайн марказларида 3 ойдан 12 ойгача ўрта ва узоқ муддатли амалиёт ўташлари мумкин. Бу жаҳон автомобиль саноати етакчиларининг тажрибасини бевосита ўзлаштириш имконини беради.

2-йўналиш. Юқори даражали мутахассисларни тайёрлаш
Ўзбекистон техника олий ўқув юртлари талабалари танлов асосида саралаб олинади ва Хитойнинг асосий автомобиль ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилувчи университетларида бепул ўқишни давом эттиришлари мумкин бўлади. Дастур замонавий автомобиль саноати эҳтиёжларига мос келадиган максимал даражадаги амалий ва ихтисослаштирилган таълимга йўналтирилган.
Тайёргарликнинг муҳим йўналишлари
Дастур нафақат автомобилларга хизмат кўрсата оладиган мутахассисларни шакллантиришга қаратилган. Битирувчилар янги маҳсулотларни ишлаб чиқиш, инновацион узеллар ва бутловчи қисмларни лойиҳалаш, ўзларининг муҳандислик ечимларини синаб кўриш ва уларни амалий ишлаб чиқаришга жорий этиш имкониятига эга бўладилар.
Таълимнинг устувор йўналишлари:
● Автомобиль саноатида телематика ва булутли технологиялар;
● Узел ва бутловчи қисмларни лойиҳалаш ва R&D;
● Ташқи панеллар ва кузов қисмларини лойиҳалаш;
● Технологик асбоб-ускуналарни лойиҳалаш ва ясаш;
● Автомобиллар ва бутловчи қисмларнинг функционал синовларини ўтказиш;
● Асбобсозлик;
● Дастгоҳсозлик;
● Робототехника ва машинасозлик.
"Муҳандислик форсаж" дастурининг амалга оширилиши Ўзбекистонга автомобилларни йиғишдан чуқур маҳаллийлаштиришга ва юқори технологик ечимларни мустақил равишда ишлаб чиқишга ўтиш, мамлакатнинг жаҳон автомобиль бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш имконини беради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter