Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар: муваффақиятлар ва долзарб вазифалар

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар: муваффақиятлар ва долзарб вазифалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб берган, келгусидаги ривожланиш йўналишларини аниқ белгилаб берган дастурий сиёсий ҳужжат сифатида катта аҳамиятга эга.

Ушбу Мурожаатномада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, жамиятда адолат мезонларини қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши экани яна бир бор қатъий таъкидланди.

Президент томонидан суд-ҳуқуқ соҳасида илгари сурилган таклиф ва тавсиялар нафақат давлат органлари, балки бутун жамият олдига масъулиятли вазифаларни қўяди. Зеро, адолатли ва мустақил суд ҳокимиятисиз демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш мумкин эмас. Шу маънода, Мурожаатнома Янги Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат қуришнинг стратегик йўл харитаси вазифасини бажаради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судловнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. “Суд идорасига мурожаат қилган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишониши керак”, деган тамойил давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида мустаҳкамланиб, суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил институт сифатида ривожлантириш муҳим вазифа этиб белгиланди. Конституциянинг 136-моддасида судьяларнинг мустақиллиги, уларнинг фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши кафолатланди.

Президент Мурожаатномасида таъкидланганидек, суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштириш йўлида “рақамли суд” концепцияси жорий этилмоқда. Суд ва тергов жараёнларини рақамлаштириш, жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан тортиб ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларда сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали инсон омилини қисқартириш, шаффофликни таъминлаш ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.

Юртимизда тергов судьялари институтининг жорий этилиши халқаро тан олинган “Habeas corpus” тамойилини амалда мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. 2026 йилдан эътиборан тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларининг берилиши шахс эркинлиги кафолатларини янада оширади. Шунингдек, жиноят процессига “халқ вакиллари ҳайъати” институтини босқичма-босқич жорий этиш суд қарорларининг адолатлилиги ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Президент Мурожаатномасида гиёҳвандлик, уюшган жиноятчилик, иқтисодий ва молиявий жиноятлар, оилавий зўравонлик каби таҳдидларга қарши курашда суд-ҳуқуқ тизимининг вазифаси алоҳида таъкидланди.

Коррупция эса, давлат тараққиётига жиддий тўсиқ сифатида баҳоланиб, унга қарши курашишда қатъий чоралар белгиланди. Барча идораларда комплаенс ва ички назорат тизимларининг жорий этилиши, “қонун олдида ҳамма тенг” тамойилини амалда таъминлаш суд-ҳуқуқ тизимининг нуфузини янада мустаҳкамлайди.

Бугунги кунда жаҳонда суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришда рақамлаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш каби тенденциялар устувор аҳамият касб этмоқда. Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифалар айнан шу глобал трендлар билан уйғун ҳолда амалга оширилиши билан аҳамиятлидир.

Давлат раҳбарининг Мурожаатномада келтирган таклиф ва тавсиялари ҳамда муҳим фикрларидан келиб чиқиб, бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимида долзарб вазифалар қаторига судьялар ихтисослашувини янада чуқурлаштириш, сунъий интеллект асосида ишларни адолатли тақсимлаш, суд ҳужжатларини автоматлаштириш, киберхавфсизликни таъминлаш, судни “охирги ва энг ишончли инстанция” сифатида қарор топтириш каби масалаларни киритиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмунан чуқур, аниқ ва натижага йўналтирилган характерга эга. Президент Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар суд-ҳуқуқ тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Одил судлов қарор топган, қонун устувор бўлган жамиятда фуқароларнинг давлатга ишончи мустаҳкамланади, тадбиркорлик ва инвестиция муҳити яхшиланади, мамлакатнинг халқаро нуфузи ортади. Демак, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни изчил ва қатъий давом эттириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим ва ажралмас шарти ҳисобланади.

Шерзод Зокиров,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бош илмий ходими,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг