Суд-ҳуқуқ тизимида «Халқ вакиллари ҳайъати» институти жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва халққа қилган Мурожаатида ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли ҳам муҳим эканини таъкидлади.
Шу маънода, муд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.
Қайд этилишича, одил судлов жараёнини «рақамли суд» концепцияси асосида ташкил этиш бошланди. Энди терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилади.
Бунда жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ва инсон омили қисқартирилади.
Мамлакатда тергов судялари иш бошлагани халқаро тан олинган «Хабеас корпус» институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди. 2026 йилдан тергов судяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари ҳам берилади.
Шунингдек, одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва роли ошириб борилиши таъкидланди.
Энди жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган «Халқ вакиллари ҳайъати» институти босқичма-босқич жорий этилади.
Бунда ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилади.
«Суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминламай туриб, фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқининг ишончли тикланишига эришиб бўлмайди. Шу боис, мажбурий ижро жараёнига самарали муқобил механизмларни ҳам киритамиз», – деди давлатимиз раҳбари.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter