Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сурхондарёда ҳоким ўринбосари фирибгарлик ва пора беришга уринганликда айбланиб қамалди

Сурхондарёда ҳоким ўринбосари фирибгарлик ва пора беришга уринганликда айбланиб қамалди

Жорий йил 17 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судида Сариосиё туман ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаган 40 ёшли А.Қ.га оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, у ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбланган.

Суд тергови баённомасида келтирилишича, айбланувчи 2020 йил 27 май кунидан 2025 йил 22 сентябрь кунига қадар Сариосиё туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келиб, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб келган.

А.Қ. 2025 йил 21 сентябрь куни қўлга олинган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Айбланувчи 2025 йил 5 феврал куни ўз хизмат хонасида танишлари Г.С. ва С.Д.ни қабул қилиб, суҳбат жараёнида С.Д.га уни туман мактабгача ва мактаб таълими бўлим раҳбарига топшириқ бериш орқали боғчага ишга киритиб қўйишни ваъда берган. Бунинг учун хизмат хонасида таниши С.Г. воситачилигида 500 доллар олиб, пулни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

А.Қ. судда айбига қисман иқрор бўлган ва пулни қарз сифатида олганини, кейинчалик бу пулни оила аъзолари орқали қайтариб берганини билдирган.

Шунингдек, гувоҳлар С.Д. ва Г.С.лар ҳам судда терговдаги кўрсатмасини ўзгартириб, пулни ҳоким ўринбосарига қарз сифатида беришганини айтишган. Бироқ суд далиллар ва гувоҳларнинг терговдаги кўрсатувларини инобатга олиб, унинг айбини тасдиқлади.

Суд ҳукмига кўра, А.Қ. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) бўйича айбли деб топилди. У 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Шунингдек, 2 йил 1 ой давомида давлат тизимида мансабдор лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Олинган 500 доллар эса давлат даромадига ундирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг