Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Февралда истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари 0,6 % га қимматлади

Февралда истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари 0,6 % га қимматлади

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг феврал ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,6 % га ошган.

Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 107,3 % ни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2025 йил февраль — 110,1 %) нисбатан 2,8 фоиз бандга пасайди.

Феврал ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0,9 % га, ноозиқ-овқат товарлари 0,2 % га ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,6 % га қимматлашгани кузатилган.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан помидор (12,1 %), қовоқ (11,7 %), картошка (5,0 %), олма (4,1 %), узум (3,5 %), банан (3,0 %), қўй гўшти (2,6 %), шакар (2,1 %), сабзи (1,8 %), паранда гўшти (1,4 %), мол гўшти (суяксиз гўштдан ташқари) (1,6 %), товуқ тухуми (0,7 %), обинон (0,6 %) ва биринчи навли буғдой уни (0,5 %) нархларининг ошиши инфляцияга асосий таъсир кўрсатди.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан инфляцияни пасайтирувчи омил сифатида бодринг (-13,8 %), мандарин (-5,6 %) ҳамда барча навдаги гуруч ва гуруч оқшоғи (-0,9 %) нархларининг пасайиши муҳим ҳисса қўшди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларидан қимматбаҳо металлардан ясалган никоҳ узуклари (1,5 %) ҳамда томир кенгайтирувчи препаратлар (0,6 %) нархлари ўсиши шунингдек, АИ-92 маркали бензин (-0,5 %) нархи пасайиши кузатилди.

Шунингдек, xизматлар нархи ва тарифларида узоқ масофага қатнайдиган поездда йўл ҳақи (14,0 %), маиший чиқинди учун ҳақ тўлаш (4,7 %), ички ва халқаро йўловчи ҳаво транспорти (4,4 %), эркаклар ва ўғил болалар учун сартарошхоналар хизматлари (0,9 %), стоматологик профилактик хизматлар (1,0 %) ва таксида йўл ҳақи (0,9 %) нархлари ошиши асосий омил бўлиб хизмат қилди.

Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан 1,2 млнга яқин нархлар қайд этилган. 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 98 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг