2026 йилда маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 трлн сўм ажратилади
Президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда бўлиб ўтаётган йиғилишда келгуси йил учун вазифаларни белгилаб берди.
Биринчи йўналиш – қурилиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш.
Келгуси йилда мамлакатимизда 675 триллион сўмлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шундан 380 триллион сўми қурилиш ишларига тўғри келади.
Келгуси йилда 140 минг хонадонли кўп қаватли уй-жой қуриш мақсад қилинган.
Ҳар бир ҳоким бундан самарали фойдаланиб, қурилиш соҳасининг ўзидан камида 20-25 минг, яратилган инфратузилма орқали 10 минг кишини бандлигини таъминлаши мумкинлиги қайд этилди.
Шунингдек, 2026 йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига берилади.
Лекин бу маблағ ҳамма туманга тенг тақсимланмайди.
Чунки, Дўстлик туманида берилган 5 миллиард сўм мақсадли ишлатилиб, Чинобод маҳалласидаги 2 километрли кўчанинг инфратузилмаси яхшиланди, куну тун ишлайдиган масканга айлантирилди. Ишнинг самараси кўрингани сабабли туманга яна 10 миллиард сўм ажратилган эди, кўчага туташган дарё бўйи ободонлаштирилди, савдо-сервис учун қўшимча жой очилди. Натижада 130 та янги тадбиркор иш бошлаб, 700 нафар одамни банд қилди.
Лекин худди шундай «драйвер» лойиҳалар учун маблағ олган Учкўприк, Бектемир, Жомбой, Китоб, Тошкент туманларида ҳали натижа кўрингани йўқ.
«Энди қайси ҳоким тез ҳаракат қилиб, аниқ лойиҳа асосида натижа кўрсатса, ўша туман кўп маблағ олади», – деди Президент.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter