2030 йилгача Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади
Ўзбекистонда янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастури бошланади.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида айтиб ўтди.
Бунда келгуси беш йилда саноатда қўшилган қийматни ҳозирги 36,5 миллиард доллардан камида 60 миллиард долларга етказишни (ўсиш 1,6 баробар), юқори ва ўртадан юқори технологияли тармоқлардаги маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробар оширишни марра сифатида белгилаймиз. Бунга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2026 йилда 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилади.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, келгуси йилнинг ўзида 14 миллиард долларлик 228 та янги йирик қувват ишга туширилади. Масалан, Навоийдаги олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича 320 миллион долларлик лойиҳа (3-навбати) ишга туширилиб, қўшимча 2 миллион тонна маъдан қайта ишланади. Шунингдек, «Мурунтов» конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи ҳамда кумуш конлари бўйича 2 миллиард 300 миллион долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилади. Натижада йилига 18 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қуввати барпо этилиб, 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади.
Яна бир йирик лойиҳа – Олмалиқ комбинатида қиймати 2 миллиард 700 миллион доллар, қуввати 300 минг тонна мис катодидан иборат бўлган янги металлургия мажмуасини барпо этиш бошланади.
«Самарқанд кимё» заводида 381 миллион доллар инвестиция ҳисобидан йилига 370 минг тонна фосфорли ва 540 минг тонна мураккаб ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Қашқадарёда 200 миллион долларлик янги кимё заводи қурилиши бошланади.
«Умуман, 2026 йилда кимё саноатида – 4,5 миллиард долларлик, тоғ-кон металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида – 3 миллиард доллардан; электротехникада – 2 миллиард долларлик; фармацевтикада – 800 миллион долларлик янги лойиҳалар бошланади. Шу тариқа 2026 йилда жами экспортимизни 40 миллиард долларга етказиб, тайёр ва ярим тайёр маҳсулот улушини 55 фоиздан оширамиз», – дейди Президент.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter