«Бинойидек иш»: QR код билан тўлов атрофида бошланган машмашалар
Ижтимоий тармоқларда йилнинг охирги кунларида маҳаллий идоралар (ҳокимлик, солиқ ва маҳалла идоралари ходимлари)нинг якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни ёппасига «Paynet Xolis» иловасини ўрнатишга мажбурлаш кампанияси кетаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Гап шундаки, жорий йилнинг 12 августидаги ПҚ-247-сон қарор билан 2026 йил 1 январдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларда рақамли платформаларда генерация қилинган электрон тўловларни қабул қилувчи махсус QR-код мавжуд бўлиши чакана савдо қоидаларининг мажбурий талаби этиб белгиланиши ва махсус QR-код мавжуд эмаслиги назорат-касса техникасини ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларини қўлламасликка тенглаштирилиши айтилган.
Иқтисодчи-блогер Отабек Бакировнинг ёзишича эса, «2025 йил 1 ноябрдан бошланган ва 2026 йил 1 январдан кучга кирадиган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун махсус ҳуқуқий режим бўйича қарорда фақат Paynet тўлов ташкилоти шу иш билан шуғуллансин деган жойи йўқ.»
Аниқроқ айтадиган бўлсак, мазкур қарорнинг 9-бандида тегишли вазирлик ва идораларга икки ой муддатда махсус ҳуқуқий режим доирасида «рақамли платформалар операторларининг сўрови бўйича ушбу қарорда назарда тутилган давлат ва молиявий хизматларни кўрсатиши учун «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мавжуд маълумотлар, ҳақ тўламасдан ва тўсиқларсиз» тақдим этиб борилишини таъминлаш топширилган. Яъни юқоридаги хизматни Ўзбекистонда мавжуд исталган тўлов оператори кўрсатиши мумкин.
«Лекин амалда Paynet'дан бошқа биронта банк ё тўлов ташкилоти негадир бу ишга қўл урмади (ёки яқинлаштирилмади). Натижада, йўқ жойдан навбатдаги ясама монополистни қабул қилиб олмоқдамиз ва энг хунуги – жойларда бу бўлажак монополист учун бутун маҳаллий бюрократия хизмат қилмоқда», – деб ёзади Бакиров.
«Файзбоғ» телеграм канали мурожаатчиси туман солиқ инспекциясидан телефон килиб, унга ушбу иловадан рўйхатдан ўтмаган тақдирда, 1,3 млн сўм жаримага тортилиши ҳақида огоҳлантирганини айтади.
«На рўйхатдан ўтиш мажбурий эканига, на штраф қилинишига қонуний асос беришяпти. Айрим солиқчилар халқ орасида тушунтириш ишларини ўтказмай, эски усулда қўрқитиш билан мажбурлашяпти», – дея мурожаатчи номидан имтибос келтиради канал эгаси.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев айтмоқчи обрўсизлантирилаётган «бинойидек иш»ни ташкил қилиш, ҳужжатга мувофиқ, Адлия вазирлиги ва Солиқ қўмитасининг зиммасида. Ушбу идораларга 2025 йил 31 декабрга қадар тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган шахслар реестрлари рақамли платформаларга интеграция қилинишини ҳамда якка тартибдаги тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида масофавий рўйхатдан ўтиш учун техник имконият яратилишини таъминлаши лозим.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ПҚ-247-сон қарорга кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар рақамли платформалар орқали электрон тўловларни қабул қилиш учун махсус QR-кодга эга бўлиши шарт, холос. Қайси тўлов ташкилоти ёки илова орқали бу амалга оширилиши ҳақида эса қарорда ҳеч қандай чеклов йўқ.
Ҳужжатнинг 9-банди тўғридан-тўғри бу хизматни Ўзбекистондаги исталган тўлов оператори кўрсатиши мумкинлиги ва давлат идоралари барча операторлар учун маълумотларни текин ва тўсиқларсиз тақдим этиши шарт эканлигини кўрсатади.
Аммо амалда фақат Paynet Xolis илгари суриляпти, маҳаллий идоралар (солиқ, ҳокимлик, маҳалла) қонуний асоси бўлмаган ҳолатда мажбурлаш ва жарима билан қўрқитиш усулини қўллаяпти. Бу эса сунъий монополияни шакллантиришга хизмат қилади.
Қолаверса, Адлия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси зиммасига юклатилган рақамли интеграция ва очиқ рақобатни таъминлаш вазифаси амалда бажарилмаяпти.
Бу ҳолат эса «бинойидек иш»ни бошлаб берган қарор мазмунига зид бўлиб, рақобат тамойилларини бузади ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқларини поймол қилади.
Маълумот учун, мазкур ҳужжатга мувофиқ, рақамли платформалар орқали берилган харид чекларига нисбатан қонунчиликда белгиланган жисмоний шахсларга сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг 1 фоизини қайтариш тартиби қўлланилмайди. Шунингдек, юқоридаги тартиб солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган электрон платформага эга агрегаторлар орқали йўловчиларни ташиш ҳамда буюртма асосида товарларни етказиб бериш хизматини амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter