Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Чавандоз – ҳам жисмоний ва ҳам маънан комил инсон...

Чавандоз – ҳам жисмоний ва ҳам маънан комил инсон...

Фото:Бекобод туман ҳокимлиги

Бекобод туманида ўтган кўпкари мусобақасида бош соврин соҳиби минг китобга эга бўлди

Улоқ-кўпкари асрлар оша халқимиз билан бирга яшаб келаётган, унинг жасорати ва бирдамлигини мужассам этган миллий ўйиндир. У авлоддан-авлодга ўтаётган қадрият, чинакам мардлик мактаби, табиатга ва инсоний фазилатларга эҳтиром рамзидир. Тошкент вилояти Бекобод туманида ана шундай қадимий анъаналар руҳида навбатдаги нуфузли улоқ-кўпкари мусобақаси ўтказилди.

Тадбир миллий урф-одатларимизни ривожлантириш, халқ ўйинларини қўллаб-қувватлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Эътиборли жиҳати, мусобақа нафақат юртимизнинг барча ҳудудларидан келган чавандозлар, балки қўшни мамлакатлар вакилларини ҳам бир майдонга жамлади.

Қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон давлатидан ташриф буюрган тажрибали улоқчи полвонлар ўзбек чавандозлари билан елкама-елка беллашиб, мусобақага баланд савия ва шижоат бағишлади. Бу ҳолат улоқ-кўпкарининг Марказий Осиё халқларини ўзаро бирлаштирувчи умумий маданий мерос эканини яна бир бор намоён этди.

Бекободдаги улоқ-кўпкарининг яна бир ўзига хос жиҳати — совринлар борасида намоён бўлган оригинал ёндашувдир. Анъанавий равишда қўчқор, той, нортуя, автомобил каби қимматбаҳо совғалар билан бир қаторда, бош соврин сифатида маънавий ва ижтимоий аҳамиятга эга мукофотлар белгиланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари доирасида:

  • китобхонликни кенг оммалаштириш мақсадида 1 000 та энг сара китоблар мажмуаси,
  • энергия самарадорлигини таъминлаш йўлида 10 кВт қувватга эга замонавий қуёш панеллари,
  • “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида 100 туп ноёб чинор кўчати,
  • озиқ-овқат хавфсизлигига қаратилган ислоҳотлар доирасида 1 000 килограмм олий навли “лазер” гуручи соврин сифатида қўйилди.

Бундай ўзига хос мукофотлар улоқ-кўпкарини маънавият, илм-маърифат, экологик онг ва барқарор тараққиёт ғоялари билан уйғунлашган, маънавияти юксак комил инсон ғояси ўзаги бўлган катта маданий тадбир даражасига кўтарди.

Шу сабабли тадбир аҳоли ва меҳмонлар ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Гарчи кун бироз совуқроқ бўлсада, кенг адирларда ўтган қизғин мусобақани томоша қилиш учун минглаб мухлислар йиғилди. Шунга яраша улоқ-кўпкари ҳам юқори савияда ташкил этилди.

Бекобод туманидаги ушбу ажойиб ва шиддатли мусобақа Янги Ўзбекистондаги улкан бунёдкорлик, маънавий юксалиш ва халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган жадал ислоҳотларнинг ҳаётий ифодаси бўлди. Миллий анъаналарни асраб-авайлаш ва уларга янги мазмун бағишлаш орқали жамиятни бирлаштириш, минтақавий дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мумкинлигини шу ташаббус мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Бекободдаги улоқ-кўпкари халқ ўйини орқали элни, қардош халқларни ва умумий қадриятларни бирлаштирган, илм-маърифатга ундайдиган ибратли тадбир сифатида ҳам ёдда қолади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг