Фуқароларга ижтимоий ёрдамга ихтисослашган фондлар очишга рухсат берилиши мумкин
Ўзбекистонда мулкни бошқаришнинг инновацион механизми сифатида халқаро амалиётга асосланган шахсий ва хусусий фонд элементларини жамловчи яхлит қонун ишлаб чиқилмоқда.
«Хусусий фондлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида профессионал бошқарув ҳисобига муассис яратган тадбиркорлик ва хайрия тизими барқарор ривожланишига ва бардавомлигига шароит яхшиланииши, шунингдек, фуқароларнинг мулкни ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқининг мустаҳкамланиши, хайрия ва бошқа йўналишларда мулкни бошқаришнинг инновацион механизмлари жорий этилиши, хайрия фаолиятини фондлар орқали ташкил этишда муассисларнинг роли ва иштирокини янада кенгайтириш кутилмоқда.
Қонун лойиҳаси 8 та боб ва 49 та моддадан иборат.
Лойиҳа билан шахсий фондлар тушунчаси, бенефициарларнинг турлари, муассис ва фонд ўртасидаги муносабатлар, фонднинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фонднинг бошқарувига оид қоидалар ва фонд ҳужжатларига нисбатан талаблар, фондни юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш масалалари қамраб олинган.
Жумладан, лойиҳанинг 3-моддасига кўра жисмоний шахс томонидан ёки унинг вафотидан кейин васиятнома ижрочиси томонидан муайян муддатга ёки муддатсиз таъсис этилган, ушбу шахс томонидан ўзига топширилган ёки ушбу шахсдан мерос қилиб олинган мол-мулкни, шунингдек бошқа мол-мулкни муассис (васият қилувчи) белгилаган шартларда бошқаришни амалга оширувчи нодавлат нотижорат ташкилот шахсий фонд деб эътироф этилади. Шахсий фонд, қоида тариқасида, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлайди.
Фонднинг мақсад ва вазифалари, мол-мулкини шакллантириш манбалари, фонд мансабдор шахсларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, фонд қайта ташкил этиш ва тугатиш бўйича асосий қоидалар фонднинг устави билан белгиланади.
Уставдан ташқари муассис томонидан фонднинг бошқарув шартлари ҳам тузилади. Унда фонд мулкини тасарруф этиш қоидалари, бенефициарларни аниқлаш ва улар билан алоқалар, фонд бошқарув органларини шакллантириш тартиб-таомиллари, органларнинг ўзаро муносабати, фонд даромадини шакллантириш тартиби, назорат механизмлари акс эттирилади.
Устав таъсис ҳужжати сифатида адлия бошқармаларида рўйхатдан ўтказилади, бошқарув шартлари ўзгартириш рўйхатдан ўтказувчи органга хабардор этиш тартибида маълум қилинади.
Шахсий фонднинг устави ёки бошқарув шартларида унинг маблағлари аниқ шахсларга (асосий бенефициарлар) ва (ёки) маълум шахслар гуруҳларига (оддий бенефициарлар) ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатишга йўналтирилиши (шу жумладан, шахсий фонд мол-мулки тўлиқ ёки унинг бир қисми ушбу шахсларга берилиши) белгиланиши мумкин. Шахсий фонд уставига кўра ундан ёрдам олиши мумкинлиги белгиланган шахслар ушбу шахсий фонднинг бенефициарлари саналади.
Фондларни кундалик бошқариш муассис танловига кўра якка тартибдаги ёки коллегиал бошқарув органи томонидан амалга оширилади. Ундан ташқари фондда олий коллегиал орган, васийлик кенгаши ёки назорат органи тузилиши мумкин. Муассисда фонд органларининг ҳаракатлари бўйича вето ҳуқуқи мавжуд бўлиб, мансабдор шахсларнинг фонд манфаатига зид ҳаракатлари тўхтатилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter