«Ҳаж» зиёратига юборишни ваъда қилиб, 26 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
Наманган шаҳрида яшовчи 1984 йилда туғилган шахс «Ҳаж-2026» мавсумида фуқароларни ноқонуний йўллар билан Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилиб, катта маблағ талаб қилгани учун қўлга олинди. Тегишли идоралар маълумотига кўра, у Чуст туманида яшовчи 4 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш эвазига 26 минг АҚШ доллари сўраган.
Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган. Унда гумонланувчи 6 минг доллар пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Таъкидланишича, «Ҳаж» зиёратини ташкил этиш фақат расмий тартиб асосида амалга оширилади. Бу жараён Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Саудия Арабистонининг тегишли идоралари ўртасидаги келишувлар асосида йўлга қўйилган.
Шунингдек, зиёратчиларни юбориш ишлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади. Бошқа шахслар ёки норасмий таклифлар орқали сафар уюштириш қонунга зид ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter