Ҳокимларга жойларда миллий брендлар филиалини ташкил этишига кўмаклашиш топширилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган йиғилишда таъкидланишича, соҳил ва йўл бўйида сервисни ривожлантириш бўйича 500 та маҳалла танлаб олинган.
Вилоят ҳокимларига ер майдонларини белгилаб, аукционга чиқариш, ариқ ва зовурларни ёпиқ тизимга ўтказиб, канал қирғоқлари ва йўл четини текислаб, тадбиркорлик лойиҳалари учун шароит яратиш топширилди.
Туман банклари бу жойларда камида 5 та доимий иш ўрни яратадиган лойиҳаларга 1 миллиард сўмгача кредит беришни йўлга қўяди.
Келаси йилда бу лойиҳалар ҳисобига 50 минг одамни доимий даромадли қилиш муҳим экани қайд этилди.
Аҳолининг даромади ошиши билан овқатланиш, туризм, савдо хизматларига талаб кўпайиб, шу йилнинг ўзида 255 та тун-у кун ишлайдиган кўча ишга тушди. Уларда 11 минг хизмат кўрсатиш объектлари иш бошлади, 27 мингга яқин аҳолининг бандлиги таъминланди.
Ҳокимлар келгуси йилда бунга қўшимча 1 мингта маҳаллани боғлайдиган яна 200 та кўчани ташкил қилиш ташаббуси билан чиққан.
Бир ойда аниқ «йўл харитаси»ни тузиб, ишни бошлаб юборган ҳокимларга ҳар бир кўча учун 4 миллиард сўмгача маблағ ажратилиши белгиланди. Буни ҳисобидан 25 минг янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда овқатланиш, савдо ва сервис соҳасида ўзининг брендини яратган корхоналар бутун республика бўйича 100-150 тадан савдо нуқтасини очиб, камида 3-5 мингта иш ўрни яратиш ташаббусини билдирган эди.
Вилоят ҳокимликларига миллий брендларнинг жойларда филиал ташкил этиш бўйича лойиҳаларига кўмаклашиш топширилди.
Агар брендлар янги очиладиган филиал учун ходимларни ўзим ўқитаман, деса, бунинг харажати Бандлик жамғармасидан қоплаб берилади.
Филиалини кўпайтириш истагидаги брендлар учун янги молиявий инструментлар жорий қилиниб, 2026 йилда бунга 500 миллиард сўм йўналтирилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter