Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жаҳон банки Ўзбекистонга 10,6 млн доллар миқдорида грант ажратади

Жаҳон банки Ўзбекистонга 10,6 млн доллар миқдорида грант ажратади

Жаҳон банки Ўзбекистонга 10,6 млн доллар миқдорида грант ажратишни маъқуллади.

Мазкур маблағлар эскирган газ узатиш инфратузилмасидаги сизиб чиқиш ҳолатларини камайтириш ҳамда мамлакатдаги уй хўжаликлари ва саноат корхоналарини таъминлаш учун табиий газни тежашга йўналтирилади. Қайд этилишича, ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, давлат даромадларини кўпайтириш ва қўшимча иш ўринларини яратишга ҳам хизмат қилади.

Жаҳон банки пресс-релизида келтирилишича, Ўзбекистоннинг газ узатиш инфратузилмаси техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга етарлича сармоя киритилмагани сабабли вақт ўтиши билан эскирган, бу эса газ сизиб чиқиши ва молиявий йўқотишларга олиб келади. Зарур ишлар амалга оширилмаса, 2030-йилга бориб умумий йўқотишлар 1,75 миллиард куб метр газга етиши мумкин, бу эса 228 миллион долларлик йўқотилган даромадга тенг.

«Газ узатиш тизими самарадорлигини ошириш газ йўқотишларини камайтиришга ва шунинг ортидан мамлакатда ишлаб чиқарилган ҳамда Ўзбекистон аҳолиси ва бизнеси учун арзон энергия ҳажми кўпроқ бўлишини таъминлайди. Тармоқлардаги газ сизиб чиқишларини камайтириш қўшимча ресурсларни тежашга хизмат қилади ва сезиларли иқтисодий фойда келтиради», — дея таъкидлади Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин.

Лойиҳа доирасида 2029 йилгача таъмирлаш ишлари орқали истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектларига етказиб бериладиган йилига қарийб 47,5 минг тонна газ сизиб чиқишининг олдини олиш режалаштирилган. Газ йўқотишларининг камайиши, шунингдек, тахминан 18 миллион доллар миқдорида маблағлар тежалишини таъминлайди. Ушбу маблағларнинг катта қисми сизиб чиқишни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича узоқ муддатли чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилади.

Манба: worldbank.org

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг