Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Маҳалла — ислоҳотлар таянчи ва юксалиш нуқтаси

Маҳалла — ислоҳотлар таянчи ва юксалиш нуқтаси

Ўзбек жамиятининг тарихий хотирасида “маҳалла” тушунчаси оддий ҳудудий бирлик сифатида эмас, балки одамлар тақдирини боғлайдиган ижтимоий ришта, қўни-қўшничилик масъулиятини тарбиялайдиган ҳаёт мактаби сифатида яшаб келган. Кексалар дуоси, ёшлар тарбияси, меҳр-шафқат, ҳашар, ярашув ва ҳамжиҳатлик маданияти – буларнинг барчаси асрлар давомида маҳалла муҳитида шаклланган.

Шу боис ҳам жамиятдаги ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, уларнинг ҳақиқий ўлчови одамлар ҳаётидаги ўзгаришлар билан, яъни маҳалладаги кайфият, фаровонлик ва адолат ҳисси билан баҳоланади. Маҳалла қаерда кучли бўлса, ўша ерда жамият барқарор, инсон қадри улуғ, тараққиёт эса халққа яқин бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномаси ҳам айнан шу мазмунда – давлат ва жамият тараққиёти учун стратегик йўналишларни белгилаб берган муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида яна бир бор ўз аҳамиятини намоён этди.

Мурожаатномада ислоҳотларнинг марказида инсон манфаати, халқ билан мулоқот, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойиллари тургани, энг муҳими – давлат сиёсати жойларда, аҳолига энг яқин бўғин орқали амалий натижага айланиши кераклиги яққол сезилди. Шу маънода 2026 йилга “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб ном берилгани рамзий шиор эмас, балки ислоҳотларнинг ижтимоий таянч нуқтасини аниқ белгилаб берувчи дастурий ёндашув сифатида намоён бўлмоқда.

Бу ғоянинг моҳияти оддий, аммо жуда муҳим: фуқароларнинг эҳтиёжи, дарди ва муаммоси биринчи навбатда маҳалла даражасида кўринади. Демак, адолатли ва самарали бошқарув ҳам айнан шу ердан – одамлар кундалик ҳаётига энг яқин нуқтадан бошланиши лозим. Маҳалла бугун фақат маъмурий ҳудуд эмас; у фуқаролик жамиятининг табиий таянчи, жамоатчилик назорати ва ҳамжиҳатлик маданияти қарор топадиган муҳит, аҳолини давлат қарорлари қабул қилинишига яқинлаштирадиган амалий майдонга айланмоқда.

Президентимиз Мурожаатномасида фуқаролик жамияти институтларини, хусусан маҳалла институтини кучайтириш ташаббусларининг устувор қўйилиши ҳам жамиятни юксалтиришнинг энг таъсирчан йўли сифатида қаралаётганини англатади.

Сўнгги йилларда маҳалла тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар “аҳоли билан ишлаш”ни тизимли йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.

Хусусан, маҳаллада “еттилик” тизимининг жорий этилиши, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам каби 100 дан зиёд хизматларни маҳалла даражасига тушириш орқали миллионлаб фуқароларга манзилли кўмак етказиш имконияти кенгайгани таъкидланди. Бу ёндашув ижтимоий ҳимояни кучайтириш билан чекланмай, бандлик ва тадбиркорликни рағбатлантириш орқали аҳоли даромадини оширишга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятли. Чунки фуқаро учун энг муҳим нарса – “тизим” эмас, натижа: иш ўрни, даромад манбаи, муаммонинг тез ҳал бўлиши, адолатли муносабат.

Айниқса, аҳоли фаровонлигини оширишда маҳаллага ресурс ва ваколатларни туширишга қаратилган ташаббуслар сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб бермоқда. “Ташаббусли бюджет” доирасида маҳалла аҳолиси ўз ташаббуси билан йўл, сув, мактаб, боғча каби муҳим лойиҳаларни илгари сурса, харажатнинг бир қисмини давлат қоплаб бериши механизмлари кенгайиши – фуқаронинг қарор қабул қилишдаги иштирокини амалий мазмун билан тўлдиради. Бундай механизмларда “давлат – ижрочи, халқ – кузатувчи” эмас, балки “халқ – ташаббускор, давлат – қўллаб-қувватловчи” тамойили мустаҳкамланади. Натижада маҳалладаги ишонч, масъулият ва жамоавий назорат кучаяди.

Маҳалланинг молиявий имкониятларини кенгайтириш масаласи ҳам Мурожаатномадаги умумий мантиққа мос равишда талқин этилмоқда. Хусусан, санитария, экология ва ноқонуний қурилиш бўйича жарималарнинг маълум улушини маҳалла бюджетига йўналтириш, 2026 йилдан бошлаб маҳаллалар бюджетига ҳар йили маблағ ажратиш каби ёндашувлар маҳалланинг молиявий барқарорлигини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, қўшимча ресурслар ҳисобидан келгуси бир йилда 2 мингта маҳаллага қўшимча 8,5 триллион сўм маблағ йўналтирилиши ташаббуси маҳалла энди фаровонликни таъминлашнинг реал иқтисодий инструментига айланаётганини кўрсатади.

Молиявий децентрализациянинг демократик мазмуни ҳам ана шу ерда намоён бўлади: ресурс аҳолига яқинлашган сари қарор қабул қилиш жараёнида жамоатчилик иштироки ва талабчанлиги ортади, натижа учун маҳаллада жамоавий масъулият кучаяди. Шу нуқтаи назардан “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” рейтинги, инфратузилма харажатларининг каттароқ қисмини қоплаш, қўшимча маблағ ажратиш каби рағбатлантирувчи механизмлар фуқаролик фаоллигини иқтисодий манфаат билан уйғунлаштирган ҳолда кучайтириши мумкин. Чунки рақобат муҳитида ташаббус ҳам, тартиб ҳам, натижа ҳам қадрланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, Мурожаатномадаги ёндашувга кўра, маҳалла фақат “ёрдам тарқатадиган” ёки “муаммо рўйхатлайдиган” бўғинга айланиб қолмаслиги лозим. Аксинча, у инсон салоҳиятини ишга соладиган, бандликни кенгайтириб, оила даромадини оширадиган, профилактика ва тарбия орқали ижтимоий муҳитни соғломлаштирадиган тизим сифатида кўрилмоқда.

Шу боис ҳар бир маҳаллада ихтисослашувни тўғри белгилаш, микролойиҳаларни шакллантириш, бўш давлат мулкини аукционга чиқариш ваколатларини кенгайтириш, тушумнинг муайян улушини маҳалланинг ўзида қолдириш каби қарорлар “фаровонликни маҳалладан бошлаш” ғоясини иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлайди.

Фуқаролик жамияти институтлари ҳақида сўз кетганда, маҳалла билан бир қаторда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик кенгашлари, ташаббускор гуруҳлар ва фаол фуқаролар иштироки ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Демократик тараққиётнинг мазмуни айнан шу институтларнинг мустақил фикр билдириши, ташаббус кўрсатиши, жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилиши ва давлат идоралари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошира олиши билан ўлчанади. “Жамиятни юксалтириш” ғояси маҳалла билан ҳамкорликда ишлаётган фуқаролик институтлари орқали ҳақиқий ижтимоий “иммунитет”га айланади: ҳар бир ўзгариш аҳоли томонидан тушунилади, қабул қилинади ва қўллаб-қувватланади.

Бу ўринда муҳим вазифа – фуқаролик жамияти институтларини формал “қўшимча бўғин” эмас, балки давлат ва жамият ўртасидаги ишонч кўприги сифатида мустаҳкамлашдир. Чунки маҳаллада бандлик, камбағалликни қисқартириш, ёшлар тарбияси, оила мустаҳкамлиги, экологик маданиятни ошириш каби масалалар маъмурий кўрсатма билан эмас, жамоатчилик фикри, маҳалладаги ҳаётий тажриба ва ижтимоий шериклик орқали барқарор ечим топади. Шунинг учун маҳалла “еттилиги” фаолиятини комплекс баҳолаш, жойларда ягона жамоа бўлиб ишлаш, ҳар бир ташаббусни аниқ лойиҳага айлантириш каби талаблар амалда фуқаролик жамиятининг самарадорлик мезонига айланиши керак.

Маҳалла институтининг яна бир муҳим вазифаси – жамоатчилик иштирокини кенгайтириш. Фуқаро давлатни кўпинча маҳалла орқали “кўради”: мурожаат қилади, таклиф беради, муаммо кўтаради, хизмат олади. Демак, маҳаллани рақамлаштириш, хизматларни соддалаштириш, маълумотлар алмашинувини тизимлаштириш орқали инсон омилини қисқартиришга қаратилган ташаббуслар аҳоли учун қулайлик яратиши баробарида давлат фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини ҳам кучайтиради. “Рақамли маҳалла” тамойилларини мустаҳкамлаш эса жамоатчилик иштирокининг замонавий технологик асосини яратади.

Хулоса шуки, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб белгиланиши фуқаролик жамиятини кучайтириш орқали халқ фаровонлигини оширишга қаратилган давлат сиёсатининг мантиқий давомидир.

Маҳаллага ресурс ва ваколатларни тушириш, хизматларни аҳолига яқинлаштириш, ташаббускор фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инфратузилма ва бандлик лойиҳаларини кенгайтириш – буларнинг барчаси инсон қадрини таъминлашга, ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бахтиёр Абдуллаев,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази бўлим бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг