Миллий боғ ёнидаги қурилишда кесилган 2 та дарахт ўрнига 200 туп кўчат экиладиган бўлди
Тошкент шаҳрида Миллий боғ хиёбонига туташ ҳудудда халқаро The Ritz-Carlton бренди остидаги меҳмонхона ва турар жой мажмуаси қурилиши жараёнида дарахтлар кесилгани ҳақидаги маълумотлар жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.
Жамоатчилик эшитувида инвестор вакиллари қурилиш ҳудудида 10 туп дарахт кўчирилгани, 2 та ўрик дарахти эса рухсатсиз кесилганини маълум қилди. Ушбу 2 туп дарахт эвазига девелопер компания томонидан 200та қимматли дарахт кўчатлари экилиши маълум қилинди. Аввалроқ ҳудудда 12 туп дарахт илдизи билан қўпориб ташлангани, табиатга 351 млн сўмлик зарар етказилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Инвестор вакилларининг таъкидлашича, дарахтларни кесиш ва кўчириш ишлари компания билан шартнома асосида ишлаган пудратчи томонидан амалга оширилган. Уларнинг билдиришича, пудратчи компания тегишли рухсатномаларни олмасдан иш бошлаган.
“Биз ёллаган тадбиркор 2 та ўрик дарахтини кесган ва буни яширишга ҳаракат қилган. Биз улар билан агар бирор дарахт кўчирилса ёки лойиҳамиз доирасида бирор иш амалга оширилса, бу ҳақда қўриқлаш хизматига, техника хавфсизлиги бўлимига ва бизга олдиндан хабар беришларига келишган эдик”, — деди PD Estates МЧЖ ХК маъмурий менежери Камал Худагулуев.
Унинг айтишича, компания мазкур пудратчи устидан судга мурожаат қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, кесилган дарахтлар учун белгиланган жарималар ва етказилган зарар ҳам пудратчи зиммасига юклатилиши мумкин.
Экология қўмитаси ушбу ҳолат бўйича табиатга етказилган зарарни 351 млн сўм деб баҳолаган.
Кўчирилган дарахтлар қаерга олиб кетилган?
“Ўрмон Инвест” компанияси мутахассислари маълумотига кўра, қурилиш ҳудудидан 10 туп дарахт Туябўғиз сув омбори атрофига кўчириб ўтқазилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, дарахтлар кўчирилгандан кейин уларнинг кўкариши учун камида 3 ой вақт талаб этилади, тўлиқ тикланиши эса бир неча йил давом этиши мумкин. Кўчирилган дарахтларнинг айримлари ноёб турларга мансуб бўлиб, улар доимий парвариш қилинмоқда.
Ҳудудда яна дарахт кўчириш режалаштирилган
Маълумотларга кўра, мазкур ҳудудда 2025 йилда 100 туп дарахт расмий рухсат билан кўчирилган. Аммо 2026 йилда амалга оширилган кўчириш ишлари учун ҳали расман рухсат берилмаган. Шу билан бирга, ҳудудда яна 25 туп дарахтни кўчириш режалаштирилгани маълум қилинган.
Қурилиш ишлари Озарбайжоннинг Pasha Holding компаниясига тегишли PD Estates томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида халқаро The Ritz-Carlton бренди остидаги 5 юлдузли меҳмонхона ҳамда “Baku Towers” турар жой мажмуаси барпо этилиши режалаштирилган.
Режага кўра, баландлиги 120 метргача бўлган учта 30 қаватли бино қурилади. Мажмуа таркибига меҳмонхона хоналари, апартаментлар, турар жойлар, ерости автотураргоҳлари, ресторанлар, фитнес инфратузилмаси, бассейн ва конференция майдонлари киритилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 200 млн АҚШ долларини ташкил этади. Қурилиш ишлари якунида меҳмонхона ва сервис соҳаларида 500 га яқин доимий иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Айни пайтда дарахтлар кесилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан масъул идоралар томонидан текширув ишлари давом этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter