Шофирконда 1 млн кўчат экилади: тафсилотлар
Шофиркон туманида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси «супер» даражага кўтарилди. Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, «Яшил макон»га ҳисса қўшиш учун 300 дан ортиқ аҳоли ўз-ўзини сафарбар этган.
Ушбу амалий тадбир «Мингчинор» маҳалласи ҳудудида ташкил этилган. Давлат ўрмон хўжалиги агентлигининг туман бўлими тасарруфидаги 20 гектар майдонда 17 минг туп кўчат ўтқазилган. Шунингдек, 3,5 гектар майдон тозаланиб, унда 2 минг туп ниҳол ерга қадалган.
Туман ҳокими Алишер Файзуллоевнинг сўзига кўра, Шофирконда кўчат ўтқазиш ишлари барча йўналишларда босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Фермер хўжаликларига 165 минг, боғ ва токзорлар барпо этиш учун 54 минг дона кўчат ажратилган. Маҳаллаларда 150 минг ниҳол ўтқазилиши белгиланган бўлса, Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги ҳудудларга 47 мингдан ортиқ кўчат ўтқазилган. Ўрмон фонди ерлари учун эса 274 минг дона кўчат ажратилган.
Шунингдек, автомобиль йўллари бўйлари бўйлаб 17 минг, канал ва ариқлар атрофини кўкаламзорлаштириш мақсадида, қарийб, 20 минг дона кўчат ўтқазиш ҳаракатлари олиб борилган. Мактаблар, боғчалар, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда техникумлар ҳудудида жами 22 минг тупга яқин кўчат ўтқазилган. Тижорат банклари ва чиқинди полигонлари ҳудудига эса яна 16 минг туп ниҳол ажратилган. Туманда янги тутзорлар барпо этиш бўйича ҳам 94 минг туп кўчат ўтқазиш ишлари давом этмоқда.
- «Яшил макон» жуда йирик режада кечмоқда. Ишларнинг сифатли ташкил этилиши учун 10 га яқин махсус техникалар жалб этилди. Эътиборлиси, туман ҳокимлиги, корхона-ташкилотлар меҳнат жамоаларидан ташқари, аҳоли ҳам бу йирик лойиҳага ўз-ўзини сафарбар қилди. Ҳатто, йирик автомобиль йўлидан бошқа бир вилоятга ўтиб кетаётган қўшни вилоятдош бўлган йўловчилар ҳам автомашинасидан тушиб, ҳашарга елка тутиб, кўчат ўтқазиб кетишди. Оқ фотиҳалар беришди. «Яшил макон» ўзига хос миллий қадриятлар билан янада серзавқ ўтди,-дейди туман ҳокими Алишер Файзуллоев.
Кўчат ўтқазиш лойиҳаси ҳашарга, ҳашар байрамга айланган. Дошқозонда ош дамланиб, маданий ҳордиқ ҳам улашилган.
Маълум бўлишича, айни кунларда Давлат ўрмон хўжалиги агентлигининг туман бўлими тасарруфидаги яна 7 гектар ер майдони янги ниҳоллар ўтқазиш учун ҳозирланмоқда.
- Бир дона кўчатнинг ҳам нобуд бўлмаслиги учун зарур барча техник воситалар қўлланилиб, уларни асраш ва ҳимоялаш мақсадида назорат тартиби кучайтирилади,-деди туман ҳокими.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter