Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда дала ҳовлилар рўйхатга, хизмат нархлари эса назоратга олинади

Ўзбекистонда дала ҳовлилар рўйхатга, хизмат нархлари эса назоратга олинади

Ўзбекистонда туризм соҳасида яширин иқтисодиётни қисқартириш ва хизматлар бозорида шаффофликни таъминлашга қаратилган янги тартиб ишлаб чиқилмоқда. Ҳужжат ҳозирча лойиҳа босқичида бўлиб, у амалга оширилса, айниқса дала ҳовлилар орқали ижара бозорида жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

Янги тартибга кўра, аҳоли томонидан туристларга вақтинча ижарага берилаётган дала ҳовлилар расман жойлаштириш воситаси сифатида тан олинади. Бу эса уларни ягона электрон базага киритиш ва фаолиятини тизимли ҳисобга олиш имконини беради.

Энг муҳим ўзгаришлардан бири — барча жойлаштириш воситалари, жумладан дала ҳовлилар ҳам ўз хизматлари нархини махсус миллий туризм платформасига киритиб бориши мажбурий қилиб белгиланмоқда. Бу талаб 2027 йил 1 январдан жорий этилиши режалаштирилган.

Мазкур ёндашув орқали бозордаги яширин нархлар сиёсатига барҳам бериш, туристлар учун очиқ ва тушунарли нархлар муҳитини шакллантириш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, бу рақобатни соғломлаштириб, барча иштирокчилар учун тенг шароит яратиши кутилмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, туристик дала ҳовлиларда фаолият юритиш учун алоҳида лицензия талаб этилмайди. Шунингдек, бундай ҳовлиларда жойлашган мижозлардан туристик йиғим ундирилмайди. Бу эса соҳани ортиқча бюрократик тўсиқларсиз тартибга солишга қаратилган.

Давлат органлари эса соҳани рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратади. Туризм қўмитаси дала ҳовлиларнинг электрон реестрини шакллантириши, Солиқ қўмитаси эса уларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, маълумотларни ягона тизимга киритишни таъминлаши режалаштирилган.

Шунингдек, янги тизим доирасида жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳам кўзда тутилган. Агар фуқаролар рўйхатдан ўтмаган ёки ноқонуний фаолият юритаётган ижара объектлари ҳақида хабар берса ва бу ҳолат тасдиқланса, уларга ундирилган жариманинг бир қисми мукофот сифатида берилиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг