Ўзбекистонда илк бор Глобал экомаркалаш тармоғи учрашуви ўтказилмоқда

2025 йил 13–17 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Глобал экологик маркировкалаш тармоғининг йиллик йиғилиши — (Global Ecolabelling Network — GEN AGM 2025) бўлиб ўтмоқда. Бу тадбир ташкилот тарихида илк бор Марказий Осиёда ўтказилмоқда.
Тадбир GEN котибияти ва Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ташкил қилинди. Унда 25 мамлакатдан 60 дан ортиқ делегат — миллий экомаркировка тизимлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар қатнашмоқда.
Тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган изчил экологик сиёсат туфайли амалга ошди. Сўнгги йилларда мамлакат экологик сертификатлаш тизимини ривожлантириш, экологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва «ЯшилБелги» миллий ташаббусини илгари суриш йўлида муҳим қадамларга эришди.
Очилиш маросимида Экология вазири Азиз Абдуҳакимов қуйидагиларни таъкидлади:
“Биз экологик маркировкани нафақат сертификатлаш воситаси, балки ишлаб чиқарувчилар, давлат ва истеъмолчилар ўртасидаги ишонч механизми деб биламиз — бу сифат, хавфсизлик ва табиатга эътибор белгиси. У бизнинг инновацион, рақобатбардош ва экологик йўналтирилган иқтисодиётни яратиш бўйича стратегик йўналишимизда муҳим аҳамиятга эга. «ЯшилБелги» миллий ихтиёрий экомаркировка тизимини яратганимиз ва муваффақиятли жорий этганимиз қувонарли натижадир”.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 январдаги 20-сонли Қарорига биноан, мамлакатда маҳсулот ва хизматларга ихтиёрий экологик маркировка тизими жорий этилди. Қисқа вақт ичида 22 та миллий стандарт тасдиқланди, «ЯшилБелги» тизими ишлаб чиқилди, экологик сертификатланган маҳсулотлар учун имтиёзлар белгиланди, Ўзбекистон GENга аъзо бўлди ва илк маҳсулотлар ушбу белги билан сертификатланди. Бу эса Ўзбекистоннинг глобал экологик ташаббуслардаги иштирокини мустаҳкамлади.
Маълумот учун, Глобал экологик маркировка тармоғи (GEN ) — 30 дан ортиқ миллий экологик сертификатлаш тизимларини бирлаштирган халқаро нодавлат нотижорат ташкилот. Ўзбекистон Республикаси Экологик сертификатлаш ва стандартлаштириш бўйича Давлат маркази “Яшил Белги” тизимининг марказий оператори ҳисобланади ҳамда мамлакатнинг GEN билан алоқаларини мувофиқлаштиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter