Ўзбекистонда янги ижтимоий лойиҳа йўлга қўйилади
Ўзбекистонда «HAYOT Foundation» томонидан 2026 йилга мўлжалланган янги ижтимоий лойиҳа тақдим этилди. Лойиҳа «Ренессанс» ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш миллий маркази» ННТ ҳамкорлигида ишга туширилаётган платформа доирасида амалга оширилади.
Мазкур ташаббус бизнес вакиллари, фаол фуқаролар ҳамда давлат тузилмаларини бирлаштириб, аҳоли ҳаёт сифатини оширишга қаратилган. Асосий мақсад — фуқаролар учун қулай муҳит яратиш ва умр давомийлигини узайтириш.
Тақдимотда жами олтита лойиҳа эълон қилинди. Улар инсон, табиат ва маданий муҳитга қаратилган учта стратегик йўналиш асосида шакллантирилган.
Инсон ҳаёти йўналишида икки лойиҳа илгари сурилди. «Мактабга хавфсиз ҳаракат» ташаббуси чекка ҳудудлардаги ўқувчиларни мактабга хавфсиз етказиш учун махсус автобуслар жорий этишни назарда тутади. Шунингдек, кўчма пиёдалар хавфсизлиги мактаблари ташкил этилади.
«Ҳаёт суви» лойиҳаси эса ичимлик суви танқислиги мавжуд ҳудудларда мактаблар, боғчалар ва тиббиёт муассасаларини сув билан таъминлашга қаратилган. Бунинг учун махсус транспорт ва сув сақлаш инфратузилмаси яратилади.
Табиат йўналишида «Муҳофаза этиладиган ҳудудларда экотуризм» ва «Экологик маърифат» лойиҳалари тақдим этилди. Улар экотизимларни сақлаш билан бирга, экологик таълим ва туризмни ривожлантиришни мақсад қилади.
Маданий йўналишда «Ҳаётий тил» лойиҳаси илгари сурилди. У ўзбек тилини рақамли муҳитда ривожлантириш, луғатлар базаси яратиш ва сунъий интеллект ечимларини жорий этишни қамраб олади.
Лойиҳа доирасида адабий фестиваллар ўтказиш ва ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳам режалаштирилган.
Шунингдек, жамғарма очиқ ижтимоий лойиҳалар танловини ҳам эълон қилди. Унда иштирокчилар молиявий ёрдам, эксперт маслаҳати ва ташаббусларни кенгайтириш имконига эга бўлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter