Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси бошланди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси бошланди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга Мурожаатномаси бошланди.

«Сўнгги тўққиз йилда биз сизлар билан, эл-юртимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтдик.

 Иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатлари, ижтимоий ҳимояни кенгайтирдик, қонун устуворлигини мустаҳкамладик.

 Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда.

 Бир сўз билан айтганда, биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик.

 Бунинг тасдиғини тобора янгича қиёфа касб этиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимизда, замонавий корхоналар, савдо-сервис масканлари, мактаб, боғча ва шифохоналар, обод кўча ва маҳаллалар, транспорт-логистика тизими, рақамли хизматлар мисолида яққол кўриш мумкин», – деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.

Қанчалик оғир бўлмасин, бошланган демократик ислоҳотлар қатъий давом эттирилгани, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва ёшларимизнинг ғайрат-шижоати, ҳамжиҳатлик асоси бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири кучайтирилгани, одамларнинг онги ва дунёқараши ўзгариб, эл-юртимиз янада жипслашгани, тадбиркор, деҳқон ва фермерларнинг ташаббускорлиги ва мардона меҳнати, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсат ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилди.

 Аввало, жаҳон миқёсида ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика занжирлари узилган, хомашё ва молиявий ресурслар нархи ошган шароитда ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти ишончли ва барқарор ўсишда давом этмоқда.

Бу натижалар дунё ҳамжамияти ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.

«Эътибор беринг, бундан тўққиз йил олдин иқтисодиётимиз ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди.

 Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Бундай юксак натижалар халқимизнинг, барчамизнинг қандай улкан ишларга қодир эканимизни яққол намоён этмоқда», – деди давлатимиз раҳбари.

 Глобал савдо тизимида «ўйин қоидалари» ўзгараётган бир пайтда жорий йил экспортимиз 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етказилиши таъкидланди. Энг муҳими, олтин-валюта захираларимиз илк бор 60 миллиард доллардан ошди.

 Бу йил иқтисодиётимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди.

Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса иқтисодиётимиз келгуси йилларда ҳам юқори суръатлар билан барқарор ўсиб бориши учун замин бўлади.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи, халқаро рейтинглардаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Хусусан, етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен рейтингини «BB-»дан «BB» поғонасига кўтарди.

«Бу гаплар кўпчиликка оддий бир факт бўлиб туюлиши мумкин. Лекин, иқтисодчилар, инвестор ва банкирлар гап нақадар катта натижалар ҳақида бораётганини жуда яхши тушуниб турибди.

Биргина ана шу ўзгариш туфайли четдан жалб қилинадиган ресурсларнинг фоиз ставкаси 1-1,5 пунктга пасайиб, ташқи қарз харажати йилига 250-300 миллион долларга камаяди.

Шунингдек, Жаҳон банки эълон қилиб борадиган Давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқори кўтарилиб, дунёнинг Топ-10 та мамлакати қаторидан жой олди (9-ўрин)», – деди Ўзбекистон етакчиси.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг