Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қайси уй гуллари сизни тоза ҳаво билан таъминлайди?

Қайси уй гуллари сизни тоза ҳаво билан таъминлайди?

фото: https://www.google.com/url?

Одатда тоза ҳаво деганда ташқаридаги ҳавони тушунардик. Энди эса вазият ўзгарди. Тоза ҳаво олиш учун деразаларни очиш хавфли бўлиб қолди. Аммо хона ҳам газ плитаси, арзон мебель, пластмасса идишлар, маиший техникалардан чиқадиган кўзга кўринмас заҳарли ҳавога тўлганда нима қилиш мумкин?   

Уй гуллари нафақат кўзни қувонтиради, балки унинг шундай турлари борки, сизга ҳар қандай ҳаво тозалагич ускунадан кўра фойдалироқдир. Гуллар нафақат хона ичидаги ҳавони намлайди ёки инсон ҳаёти учун зарур бўлган кислород билан бойитади, балки ҳатто заҳарли моддаларни ўзлаштириб, нейтраллаштиришга қодир. Ажабланарлиси, инсонга зарарли бўлган бу моддалар ўсимлик учун ҳатто ҳаётий аҳамиятга эга: у уларни ўзлаштиради, парчалайди ва хавфи камроқ бўлган бирикмаларга айлантиради.

Хлорофитум

Бу гулни кўпчиликнинг хонадонида учратиш мумкин. Парвариши осон ушбу ўсимлик заҳарли моддаларни ютиш қобилияти бўйича гуллар орасида биринчи ўринни олади ва уни бемалол “уйнинг ўпкаси” дейиш мумкин.

фото: novochag.ru

Гўё табиат уни айнан ҳавони тозалаш учун яратгандек. Қизиғи шундаки, ҳавоси ифлос хонада хлорофитум тоза жойга қараганда янада яхши ўсади.

У формальдегидларни улкан миқдорда нейтраллаштиради. Агар уни ошхонага қўйсангиз, ёнғин, газ ёнишидан чиқадиган барча бирикмаларни ҳам юта олади. Афсуски, гуллари унчалик чиройли эмас, шу боис айрим гул ихлосмандлари унга эътибор бермайди.

Сансевиерия  

Уни яна “Қайнона тили” ҳам дейишади. Сансевиерия деб айтишга қийналгандан кўра, ушбу ном билан аташ бу гулни эслаб қолишни осонлаштиради.

фото: Freepik

Ҳар қандай шароитга жуда чидамли, ҳатто оғир шароитда ҳам яшай оладиган ғаройиб ўсимлик. Сансевиерия нафас йўлларига таъсир қилувчи стрептококк бактерияларига ҳалокатли таъсир кўрсатади. Демак аллергияни камайтиради. Баргларининг катта юзаси туфайли у кўп миқдорда кислород ишлаб чиқариб, ҳаводан заҳарли газ, формальдегид, азотли бирикмалар ва бошқа учувчан моддаларни самарали ўзига тортади. Шу хусусиятлари туфайли  у жуда машҳур. Уй бекалари одатда бу гулни ошхонага қўяди, ҳатто парвариши осон бўлгани учун ишхоналарда ҳам кўплаб учратиш мумкин.

Аммо аммиакка унчалик таъсир қилолмайди.

Драцена

Бу гул нафақат ўзининг ғаройиб кўриниши ва жозибаси билан, балки ҳавони тозалаши билан ҳам харидоргир.

фото: Freepik

У ҳаводаги кимёвий моддаларни нейтраллаштиради, хона ҳавосини намлайди, шу боис касалхона, гавжум катта ишхоналарда ҳам ўз ўрнига эга.    

Герань

Бизнинг мамлакатда кўпдан бери маълум ва машҳур бўлган яна бир гўзал гуллайдиган уй гули бор, унинг барглари ғалати ҳидга эга.

фото: Freepik

Аслида бу ҳид ўсимликдан чиқадиган фитонцидлар патоген микроорганизмларга зарарли таъсир кўрсатади ҳамда ҳашаротларни ҳайдайди. Лекин герань (пеларгония) ҳар бир уй гуллари ишқибозига мос келавермайди. Агар енгил бўлса ҳам аллергик симптомларга шубҳа бўлса — бу гулдан воз кечиш керак.   

Спатифиллум

“Эркак бахти” деб номланган бу ўсимлик оппоқ гулга эга. У нафақат чиройли гуллари, балки  зарарли моддаларни самарали ўзлаштириши билан ҳам қимматга эга.

фото: Freepik

Мебель, турли бўёқлар ва уй тозалаш воситаларидан чиқадиган формальдегид, бензол, трихлорэтилен каби зарарли моддаларни зарарсизлантиради. Баргларидан чиқадиган намлик ҳатто хона қуруқлигига қарши яхшигина курашади. Ўсимлик фитонцидлар чиқаргани боис баъзи бактериялар ва микробларнинг ўсишини секинлатади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг