Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қовунчи қишлоғида куз (фото)

Қовунчи қишлоғида куз (фото)

foto: Xabar.uz

Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани қишлоқлари тоғлар орасида жойлашган. Аҳолиси асосан чорвачилик ва узумчилик билан шуғулланади. Ҳар бир хонадоннинг катта-катта боғлари ва узумзорлари бор. Токлар бошқа жойлардагидек кўтариб парваришланмайди, балки ерда ҳосил солади. Узумларни ерток усулида етиштиришнинг ўзига яраша меҳнати бор. Масалан ҳосил йиғиб олингач, токларни қирқиб уларни кўмиш, кўмилган дарахт ораларига сув қўйиш ва баҳорда ҳар бир токни очиш...

Мана шу жараённи Қовунчи қишлоғида ҳам кузатишингиз мумкин. Шу бугунги кунда ҳар бир ҳовлидаги кўмилган токлар, мевали дарахтлар уйғунлашиб ажойиб манзара ҳосил қилган.

Гўёки бу қишлоқда табиатнинг ўзи сурат чизган — ранг-баранг баргли дарахтларни кимдир бўёққа ботириб қўйгандек. Тонгда қуёшнинг бош кўтаришини кузатиш эса ундан ҳам мароқли. Худди бир парча оловдек, табиатда ҳали бундай қуёш чиқишини кузатмаган эдим. Қуёш нафақат ёритаяпти, балки манзарага ўзининг сирли нури билан ҳаёт бағишлаяпти. Қишлоқдаги ҳар бир ҳовли, ҳатто сукунатнинг ўзи ҳам шу ранглар остида бошқача товланмоқда. Шу ажойиб манзаралар мени ўзига тортиб, бир неча суратга айланди.

Қирқилган токлар тандирга ёқиш учун ҳар бир хонадонда мана шундай тахлаб қўйилади.

Ҳар бир оиланинг ҳовлию боғлари мана шундай ҳолда ўралган, яъни уй ҳайвонлари томонидан пайҳон қилинмаслиги учун, бирортаям девор кўрмадим.

Қишлоқда уйлар бир-биридан анча узоқда жойлашган. Мана шу ҳақиқий эркинлик эмасми аслида!

  

 

"Қўйларимни боқиш баҳона оёғимнинг чигилини ёзаман, — дейди отахон, — анави пастда ишлаётганлар эса менинг фарзандларим, бу пастда кўраётганингиз кичкина улим (ўғлим демоқчи)нинг уйи, ҳаёти..."

Айтганча, бу ерда кўпчилик боғни ҳаёт, деб атайди...Жуда таъсирлия, мажозий маънода ростдан ҳам бу боғлар қишлоқ аҳолисининг ҳаёти, умрига мазмун бағишлайди.

 

Аҳолининг ичимлик суви асосан баланд тоғлар тагидан чиқадиган булоқдан. Ток кўмилган ариқларга таралаётган сув ҳам булоқники...

 

Бунақа олифта қўриқчаларни жуда кўп боғларда учратасиз. Чунки узумдан ташқари ҳар бир хонадонда олма, ўрик, ёнғоқ, беҳи, бодом каби мевали дарахтлар бор. Бу қўриқчилар сизни қишлоққа кириб келаётганингизда кутиб олади ва кетаётганингизда кузатиб қўяди.

Қишлоқ одамларининг меҳмондўстлиги, беғуборлиги, аҳил-иноқлиги ва оқибати ҳақида эса бошқа сафар...


                                                                                                   Суратлар муаллифи Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг