«Шароит изоҳ талаб қилмайди…» – Саида Мирзиёева Ургутдаги бирламчи тиббиёт билан танишди
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Ургут туманининг чекка қишлоқларидан биридаги «Навоий» поликлиникаси шароитлари билан танишди. 1972 йилда қурилган бино капитал таъмирга, янги стандартлар ва тиббий хизматлар сифатини оширишга муҳтож бўлиб, айни пайтда 13 мингдан ортиқ аҳоли учун бирламчи тиббий ёрдам кўрсатади.
«16 та қишлоқда яшовчи аҳоли учун эса бу туғруқни қабул қиладиган энг яқин ва ягона тиббиёт маскани. Юклама ниҳоятда катта, шароит эса изоҳ талаб қилмайди. Зах хоналарнинг кулранг ойналарига урилаётган ёмғир томчилари ҳам вазиятни акс эттиряпти», – деб ёзади Мирзиёева.
Администрация раҳбари мазкур ҳолат битта поликлиниканинг муаммоси эмаслиги, балки бирламчи тиббий хизмат тизимида мавжуд бўлган катта муаммоларнинг акси эканлигини таъкидлаган. Шунингдек, тизимдаги имкониятларини ишга солиш учун олдинда диагностика ва даволаш стандартларини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш вазифалари турганини айтади.
«Мутахассислар билан биргаликда вилоят соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича янги мастер-режани батафсил кўриб чиқдик.
Бу жараён фақат биноларни таъмирлаш билангина чекланмайди, балки бирламчи тиббий-санитария тизимига бўлган ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилади. Бугун кўрганларим шуни яна бир бор исботлади: соғлиқни сақлашдаги муаммоларни фақат ҳисобот ва ҳужжатлар асосида баҳолаб бўлмайди», – дейди Саида Мирзиёева.
Администрация раҳбарияти, шунингдек, Ургутнинг сув таъминоти тизимидаги муаммолар билан ҳам танишди.
Қайд этилишича, ҳудудда сув билан барқарор таъминланмаган минглаб гектар ерлар ҳамда эскирган насос станциялари сабаб юқори сув йўқотишлари кузатилган. Айрим ҳудудларда сув танқислиги ҳосилдорликни пасайтириб, экспорт салоҳиятини чеклаб келмоқда.
Янги лойиҳалар доирасида ушбу муаммолар тизимли ҳал этилиши, 10 минг гектардан ортиқ ер майдони барқарор суғоришга ўтказилиши ҳамда насос станциялари реконструкция қилиниши айтилди.
Шу билан бирга, кичик сув омборлари қурилади, энергия тежамкор технологиялар жорий этилади. Натижада сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ошиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми ва экспорт имкониятлари кенгаяди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter