Шавкат Мирзиёев наркотаҳдидларга қарши курашиш бўйича қатор таклифларни илгари сурди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўтаётган «Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш» мавзусидаги халқаро форум иштирокчиларига мурожаат йўллаб, унда жумладан, наркотаҳдидларга қарши курашиш бўйича қатор таклифларни ҳам илгари сурди.
«Бу хавфларга қарши курашиш, наркожиноятларнинг олдини олиш бўйича қуйидаги ташаббусларни илгари сурамиз.
Биринчидан, трансмиллий наркожиноятларга қарши курашишда тезкор ахборот алмашинуви ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шу боис, барча иштирокчи давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотлар базасини бирлаштирадиган, сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган ягона рақамли платформани ишга туширишни
таклиф этамиз.
Бу платформа наркотрафик йўналишларини барвақт аниқлаш, хавфли юклар ҳаракатини эрта босқичда фош этиш, трансмиллий жиноий гуруҳлар фаолиятини реал вақт режимида кузатиб боришга хизмат қилиши керак.
Иккинчидан, наркобизнес бу фақат гиёҳванд моддалар айланмаси эмас, бу – миллиардлаб долларлик яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик ва терроризмни молиялаштирадиган манба ҳамдир.
Жиноий маблағларни ювишнинг энг катта қисми бугун айнан рақамли активлар ва оффшор ҳудудлар орқали амалга оширилмоқда.
Наркобизнесни қурол билан эмас, пулсиз қолдириш орқали енгиш мумкин. Агар биз унинг «молиявий артерия»ларини бўғиб қўйсак, бу иллат ўз-ўзидан йўқолади.
Шунинг учун крипто-биржалар учун мажбурий идентификация стандартларини глобал даражада бирхиллаштириш, оффшор юрисдикциялар билан маълумот алмашинуви бўйича мажбурий келишувлар, «номаълум манба» маблағларини автоматик блоклаш механизмларини жорий этиш зарур.
Шунингдек, ноқонуний маблағлар ҳаракатини дунё бўйлаб автоматик аниқлайдиган, уни қабул қилган банк ёки молиявий ташкилотни дарҳол хавф тоифасига киритадиган «халқаро рақамли қора код» тизимини жорий қилишни таклиф этаман.
Учинчидан, кўриб турибсизлар, кундан-кунга синтетик наркотикларнинг янги-янги турлари пайдо бўлмоқда.
Шу боис, доимий мулоқот майдонини ишга тушириб, синтетик наркотикларга ружу қўйган беморларни самарали даволаш бўйича замонавий методика ва стандартларни биргаликда яратиб боришни таклиф қиламиз.
Тўртинчидан, гиёҳвандликка чалинганларнинг тиббий реабилитацияси бўйича тажриба алмашиш мақсадида Марказий Осиё Наркологлар ассоциациясини ташкил қилсак, ўйлайманки, қўллаб-қувватлайсиз.
Ушбу ташкилотнинг Бош офисини Самарқанд шаҳрида жойлаштиришга тайёрмиз.
Бешинчидан, бугун айрим ҳудудларда наркотик етиштириш ва тарқатиш иқтисодий имкониятлар чеклангани, иш ўринлари етишмаслиги ва ижтимоий тенгсизлик оқибатида сақланиб қолмоқда.
Шу боис, наркотрафик хавфи юқори бўлган ҳудудлар учун «махсус ривожланиш дастури»ни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Бунда гиёҳванд моддалар етиштиришга мойил ҳудудлардаги расмий иқтисодиётга фаол инвестициялар киритиш орқали аҳоли учун барқарор даромад манбаларини яратиш, инфратузилмани яхшилаш, таълим ва тиббиётни ривожлантириш орқали аҳолининг жиноий иқтисодиётга қарамлигини камайтириш бўйича комплекс чоралар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Бундай дастур фақат грант ёки ёрдам эмас, балки халқаро ҳамжамиятнинг умумий масъулияти сифатида кўрилиши керак», – деди давлат раҳбари ўз мурожаатида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter