“Ҳар бир деталда миллий ғурур бор” — Синхуа профессори Марказ ҳақида кутилмаган фикр билдирди
Синхуа университети олимлари Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи давомида “тарих ичида юргандек” ҳис қилганини таъкидлаб, Марказни Шарқнинг янги илмий-маърифий мўъжизаси сифатида баҳоладилар.
Хитойнинг Синхуа университети делегацияси — Хавфсизлик фанлари профессори Ду Пенг ва Хавфсизлик фанлари институти ходими Пенг Хиаоҳуи Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

Профессор Ду Пенг ўз фикрларини қуйидагича баён этди:
“Бу жой жуда улуғвор. Ҳар бир детал ортида тарихингизга нисбатан чуқур ҳурмат ва миллий ғурур мужассам. Марказни кўриб, Хитой ва Ўзбекистонни асрлар давомида боғлаб турган Ипак йўлини яна бир бор ҳис қилдим. Бундай илмий-маърифий маскан икки халқ ўртасидаги маданий ва технологик ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.”
У, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказни инсониятнинг тарихий меросини асраш, ўрганиш ва жаҳон илм-фанига тақдим этишдаги улкан қадам сифатида баҳолади. Профессорга кўра, Марказ нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё, балки бутун Осиё ва жаҳон тадқиқотчилари учун муҳим академик манбага айланади.
Синхуа университети вакили Пенг Хиаоҳуи Марказда тарихий жараёнларни рақамлаштириш, интерфаол ечимлар ва визуал технологиялардан фойдаланиш алоҳида ажралиб тураётганини таъкидлади:
“Бу мажмуа тарихни ҳужжат сифатида эмас, балки жонли намоён этади. Ипак йўлида бир вақтлар Шарқ ва Ғарбни боғлаган улкан руҳият бу ерда яна жонли равишда ҳис этилади,” — деди у.

У, шунингдек, Марказ экспозицияларида Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданий меросни асраш ва тарғиб қилиш сиёсати амалий натижалар билан намоён бўлаётганини қайд этди.
Меҳмонлар Марказдаги нодир қўлёзмалар, Қуръон нусхалари ва илмий архивларни кўздан кечириб, уларнинг аҳамияти ва сақланиш даражасини юқори баҳоладилар.
“Бу ердаги ҳар бир экспонат, ҳар бир ранг ва ёруғлик маданиятга бўлган эҳтиром билан тақдим этилган,” — дея таъкидлади Пенг Хиаоҳуи.
Ташриф якунида Хитой делегацияси Ислом цивилизацияси марказини “Шарқ цивилизацияси меросини замонавий илмий ёндашувларда намоён этаётган, минтақада ўхшаши йўқ инновацион илмий-маърифий маскан” деб баҳолади.
Томонлар келгусида тарихий тадқиқотлар бўйича қўшма лойиҳалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар алмашинуви, рақамли экспозициялар ва замонавий таълим технологиялари бўйича қўшма ташаббуслар йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш ниятини билдирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter