Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Санъат ва маданият мактабларида ўқиш ва яшаш харажатлари тўлиқ бюджетдан қопланади

Санъат ва маданият мактабларида ўқиш ва яшаш харажатлари тўлиқ бюджетдан қопланади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Маданият таълими муассасалари ривожлантирилади.

«Маданият ва санъат соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–150-сон, 21.04.2026 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан Республика мусиқа ва санъат техникуми ҳамда Республика эстрада ва цирк техникумида:

- 2 йиллик бошланғич касбий таълим, 6 ойдан 2 йилгача бўлган муддатда ўрта касбий таълим ҳамда камида 2 йиллик ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида ўқитиш тизими жорий этилади;

- бакалавриат таълим дастурлари билан интеграциялаштирилган «2+2» дастурлари асосида ўқитишга рухсат берилади.

Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактабларида:

-ўқувчилар мусиқа йўналишида 5-синфдан ҳамда рақс, театр, халқ ижодиёти, тасвирий ва амалий санъат йўналишларида 9-синфдан бошлаб қабул қилинади;

- мактаб-интернатлар учун белгиланган амалдаги нормалар татбиқ этилади, жумладан, мактаб ўқувчиларининг таълим олиш ва яшаш харажатлари тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан, уларни овқатлантириш харажатлари Давлат бюджети ҳамда ота-оналар тўлови маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

- Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларнинг битирувчиларига болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

2026 йил 1 июлдан тажриба тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида биттадан «Маданият меҳмонхонаси» маданий кластери инвестиция лойиҳаси (инвестиция лойиҳаси) амалга оширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг