Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат ходимларига табрик йўллади

Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат ходимларига табрик йўллади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат ходимларига табрик йўллади. Бугун 15 апрел – Маданият ва санъат ходимлари куни нишонланмоқда

Кейинги йилларда юртимизда 2 та театр, 19 та маданият маркази, 16 та музей, 20 та мусиқа ва санъат мактаби ҳамда ушбу йўналишда 5 та олийгоҳ ташкил этилди, кўплаб муассасалар замонавий жиҳозлар билан таъминланди, 125 та тарихий-маданий мерос объектида уларни асраш ва тиклаш бўйича зарур ишлар амалга оширилди.

Ўтган йили тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилдик. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Миллий музейи биноси қурилиши бошланди.

Жорий йилда эса Марказий кўргазмалар зали, Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондининг биноси, Павел Беньков номидаги рассомлик мактабида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўрилади.

Ўзбекистонлик санъаткорларнинг Европадаги нуфузли маданият масканларидаги чиқишлар хорижлик санъат мухлисларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, Австриянинг Зальцбург шаҳридаги Grosses Festspielhaus саҳнасида Ўзбекистон Миллий балети гуруҳи томонидан «Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси» балети намойиш этилганини таъкидлаш лозим.

Шу йил 9 апрелда яна бир йирик санъат маскани – Musikverein саҳнасида Соҳибқирон Амир Темурнинг 690 йиллик таваллуд санасига бағишланган мусиқали опера асарининг тақдимоти ўтказилди.

Миллий кино санъатимизни ривожлантириш, хусусан,«Тирик тарих» туркумида ғоявий ва бадиий юксак асарлар яратиш борасидаги ишлар дастлабки натижаларни бермоқда. Ўтган йили давлат буюртмаси асосида 123 та кинофильм тайёрланиб, томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

Ўтган йилнинг ўзида соҳада узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган 35 нафар ходим уй-жой билан таъминланди. Маданият муассасалари ходимлари иш ҳақи ўртача 35 фоизга оширилди. 

«Биз бундан буён ҳам соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижодий ва техник ходимлар меҳнатини муносиб қадрлашга устувор аҳамият қаратамиз.Сизларни бугунги касб байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, янги ижодий ютуқлар, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман», дейилади президент табригида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг