25 йилдан ортиқ қидирувда бўлган халқаро террорчи Ўзбекистонга олиб келинди
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, халқаро террористик ташкилотларга алоқадорлиги учун 25 йилдан ортиқ қидирувда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси жорий йилнинг ноябр ойида хорижда ушланиб, мамлакатимизга олиб келинди.
Диний экстремистик оқим ғояларини қўллаб-қувватлаб, “ҳижрат” ва “жиҳод” қилишни мақсад қилган ушбу шахс 1999 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетган ҳамда Афғонистон, Покистон ва Сурия ҳудудларидаги халқаро террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда иштирок этган.
Ўзганинг номига расмийлаштирилган сохта ҳужжатлар асосида яшириниб юрган мазкур шахс МДҲга аъзо давлатлардан бирида қўлга олинди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 154- (ёлланиш), 155- (терроризм), 159- (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter