Энди 30 ёшдан катталарга ҳам чет тиллари маркази очишда фоизсиз ссуда берилади
Президент фармонига мувофиқ, чет тилларига ихтисослашган ўқув марказларини ташкил этишда бериладиган имтиёзлар доираси кенгайтирилди. Энди ушбу имкониятлар 30 ёшдан ошган шахсларга ҳам татбиқ этилади.
Янги тартибга кўра, хорижий тиллар бўйича камида С1 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган фуқаролар олис ва бориш қийин ҳудудларда ўқув марказлари очиши мумкин. Уларга 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йил муддатга фоизсиз ссуда ажратилади. Ссуда миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 320 бараваригача этиб белгиланган.
Фармонда илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча механизмлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, янги ишланмаларга асосланган «спин-офф» корхоналари реестри жорий этилади.
Реестрга киритилган корхоналарга қатор солиқ ва молиявий имтиёзлар берилади. Агар корхона патентланган илмий ишланмалар асосида маҳсулот ишлаб чиқарса, унга аввал белгиланган преференциялар татбиқ этилади.
Патентсиз ишланмалар асосида фаолият юритувчи корхоналар эса 2026 йил 1 майдан 2029 йил 1 майгача фойда солиғини 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter